Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси томонидан пойтахт аквапаркларидан бирининг кийиниш хонасидан олинган видео эълон қилинди, унда аёл хонага ўрнатилган камерани кўрсатаётгани акс этган.

Аёл билан мулоқот қилаётган аквапарк ходимининг айтишича, у ер жамоат жойи ва ўғрилик содир бўлмаслиги учун хавфсизлик мақсадида камералар ўрнатилган.

Тошкент шаҳри ИИББ томонидан хабар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. «Аквапаркнинг кийиниш хонасида кийим алмаштириш учун алоҳида жойлар ажратилган, у ерда камера йўқ. Камералар ташриф буюрувчиларнинг шахсий буюмлари сақланадиган қисмда жойлашган бўлиб, улар шахсий буюмлар ўғирланишининг олдини олиш учун ўрнатилган», — дейилади бошқарма матбуот хизмати хабарида.

Ўрганиш давомида аквапарк ходимларининг телефонларида ташриф буюрувчиларнинг фотосуратлари ёки видеолари мавжудлиги ёки тарқатилганлик ҳолати текширилган. ИИББнинг маълум қилишича, ҳеч қандай фотосурат ёки видеоёзувлар топилмаган.

Шу билан бирга, ички ишлар ходимлари томонидан аквапарк ходимлари билан шахсий фотосуратлар ва видеоларни тарқатмаслик бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Юнусобод тумани ИИО ФМБга аквапарк маъмурияти ёки ходимлари томонидан фотосуратлар ёки видеолар тарқатилгани ҳақида ҳеч қандай ариза келиб тушмаган, дея таъкидлади ИИББ.

Аквапарк маъмурияти билан боғланган «Дарё»нинг қўшимча қилишича, мазкур камералар 12 йилдан бери ўша жойда туради ва уларни фақат аёллар назорат қилади.