Ўзбекистонда миллий табиий мерос объектлари рўйхати тузилади. Бу вазифа президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 майдаги қарори билан қайта номланган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига юкланди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га берган интервюсида шундай деди: «Бизда моддий ва номоддий маданий мерос борлигини биламиз. Кўпгина объектларимиз ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган. Худди шундай рўйхат табиий мерос учун ҳам мавжуд. Бизнинг бир нечта объектларимиз аллақачон ушбу рўйхатга киритилган, аммо, афсуски, бизда миллий табиий мерос объектлари рўйхати йўқ».

Унинг сўзларига кўра, вазирлик Хитой тажрибасини ўрганиб чиққан, у ерда кўп асрлик ва минг йиллик дарахтлар, чиройли тошлар, шаршаралар ва бошқа объектлар миллий рўйхатга киритилган.

«Уларга ҳатто мавсумий табиат ҳодисалари, масалан, дарёларнинг тошиши, қушларнинг келиши, ландшафтлар ҳам киради. Биз учун бу фламинголарнинг келиши бўлиши мумкин», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Вазирлик 2024 йилнинг 1 январига қадар республиканинг миллий аҳамиятга эга табиат объектларини, шу жумладан, ноёб ва такрорланмас экотизимлар, биохилма-хиллик турлари ва табиий ландшафтларни хатловдан ўтказади.

«Бу бизга ушбу объектларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш имконини беради. Ҳозир тез-тез у-бу жойда ноқонуний қурилиш бошланганини, дарёнинг оқими тўсиб қўйилгани ёки ўзгартирилганини кўряпмиз. Буларнинг барчаси биологик хилма-хилликка ва табиатга таъсир қилади. Рўйхат эса қуриш, бузиш ва ҳоказолар мумкин бўлмаган ҳудудларни аниқлаш имконини беради», — деди экология вазири.

Вазирлик, шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN), ЮНЕСКО ва ФАО билан биргаликда халқаро репрезентатив рўйхатларга Ўзбекистон табиий мерос объектлари номинацияларини киритишни бошлайди.