29 май куни Чилонзор тумани ИИБ биносида 21 ёшли йигит терговдан қочиш мақсадида 4-қаватдаги ҳожатхонадан сакраб, шифохонада вафот этгани, марҳумнинг яқинлари эса унинг ўлими сабабига шубҳа билдираётгани хабар қилинганди. Бош прокуратура мазкур иш юзасидан фото ва видео далилларни эълон қилди.

22 май куни йигит чўнтагида гашиш гиёҳвандлик воситасини сақлаб келгани аниқланиб, Чилонзор тумани ИИО гиёҳвандликка қарши курашиш бўлимига олиб келинган. Бинонинг 4-қаватига суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун олиб чиқилган Х.Т. жавобгарликдан қочиш мақсадида шу қаватда жойлашган ҳожатхонага кирган.

«Тезкор ходимнинг чалғиши натижасида ҳожатхона деразасидан пастда жойлашган ошхонанинг шифер билан қопланган том қисмига сакраган. Шифернинг чети синиши оқибатида Х.Т. бош қисми билан ернинг бетон қопламасига қулаб тушган», — дейилади хабарда.

21 ёшли йигит, бош прокуратура, чилонзор ииб

Ҳожатхонадаги деразанинг кўриниши

Жароҳатланган фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан шифохонага олиб борилган. Х.Т.га кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у олган тан жароҳатлари оқибатида, 29 май куни шифохонада вафот этган.

Марҳумнинг яқинлари ИИБ изоҳига шубҳа билдирганди. Хусусан, Kun.uz сайтига мурожаат қилганлардан бирининг айтишича, йигитнинг оилавий шароити яхши бўлмаган ва у бир неча йил давомида уйдан узоқда — Тошкентда яшаб, яқинлари билан деярли алоқа қилмаган. Шу сабабли қўлга олинганидан кейин олдига келадиганлар ҳам топилмаган. Чилонзор тумани ИИБ терговчиси 29 май куни йигитнинг яқинларига телефон қилиб, унинг вафот этганини айтган.

21 ёшли йигит, бош прокуратура, чилонзор ииб

Ҳодиса содир бўлган жойнинг кўриниши

«Шифохонада мен билан гаплашган аёлнинг айтишича, танасининг бирорта ҳам қисми — на оёғи ва на қовурғаси синган, балки фақатгина юзи ва бош қисмида жароҳат излари бўлган. Наҳотки 4-қаватдан тушиб кетган инсоннинг ҳаттоки қўли ҳам синмаса. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари унинг оёғи синганини айтганди. Унинг гавдаси ҳам каттагина эди, у қандай қилиб ҳожатхона ойнасидан сиғиб кетиши мумкинлигига ҳам ҳайронман. Боз устига, ҳожатхона ички ишлар биносида бўлса. Шифокорлардан қандайдир шубҳангиз борми, десам, фикримни фақат судда айтаман, дейишди», — дейди марҳумнинг яқини.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, Чилонзор тумани прокурори бошчилигидаги гуруҳ томонидан шу куннинг ўзида ҳодиса содир бўлган бино ва атроф-муҳит жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилган, тегишли гувоҳлар ва ишга алоқадор барча ходимларнинг кўрсатмалари олинган.

Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви ўтказилмоқда.

«Ҳозирда ижтимоий тармоқларда ушбу ҳодиса бўйича турли асосланмаган маълумотлар тарқалмоқда. Мазкур ҳодиса алоҳида назоратга олинган бўлиб, миш — мишлардан келиб чиққан асоссиз маълумотларга ишонмасликларингизни ҳамда расмий манбалар орқали берилаётган маълумотларга таянишларингизни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.