Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов.

Сўнгги вақтларда ўқилган китоблардан тавсиялар

Яхши роман ёки шеърий тўпламни севиб ўқийман. Сўнгги вақтларда кўпроқ публицистик китобларни қизиқиб ўқияпман. Улар шахсий ривожланиш ва фикни ўткирлаштиришга хизмат қилади. Кўпинча бундай китобларни интернет орқали ёки танишлардан эшитиб, кейинчалик буюртма қиламан. Тўғри, ҳаммасини ҳам ўзбек тилида топиш қийин, шунинг учун баъзан рус ва (яқиндан бошлаб) инглиз тилида мутолаа қиламан.

Қуйида ўзим ўқиган асарлардан айримларини тавсия қиламан.

Ҳанс Рослинг. «Factfulness». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 340 саҳифа

акбар тошқулов, китоб, китоблар, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсия

Китоб ўқувчига дунёни, ундаги ходисаларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Муалиф ўзи ўтказган изланишлар асосида одамлар глобал тенденциялар ҳақида кўпинча нотўғри тассавурда эканини аниқ далиллар билан исботлаб берган. Масалан, дунёда қанча аҳоли қашшоқликда яшайди, аҳоли ўсиш суръатлари, неча фоиз қизлар тўлиқ таълим олади каби сўровларга олимлар, ўқитувчилар, бизнесменлар, журналистлар ва ҳатто Нобель мукофоти лауреатлари тизимли равишда нотўғри жавоб бериб келган. Жавоблар шу қадар нотўғрики, улардан кўра шимпанзеларнинг тасодифий танлаган жавоблари тўғрироқ чиққан.

Дунёни икки қутбга бўлиш тенденцияси, тарқатилаётган ахборот хуружи онгимизда нотўғри тушунчалар пайдо бўлишига сабабчи экани очиб берилган. Муаллиф дунё биз ўйлагандан кўра яхшироқ ривожланиб бораётганини кўрсатиб, келажакка умид бағишлайди. «Factfulness» — бу дунёга қарашингизни ўзгартирадиган ва келажакдаги инқирозлар ҳамда имкониятларга ҳозиржавобликни ўргатадиган муҳим китоб (сотиб олиш).

Иоганн Гёте. «Фауст». «Янги аср авлоди» нашриёти. 2015 йил. 536 саҳифа

акбар тошқулов, китоб, китоблар, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсия

Чуқур фалсафий маънога эга трагедия. Асар қаҳрамони жонини қутқариш учун ёвуз руҳ билан сулҳ тузади. Асарнинг биринчи қисмида қаҳрамон яхши инсон образида эзгу ишларни амалга оширади ва дунё яхшиликларидан баҳраманд бўлади. Иккинчи қисмда бутунлай тескари ҳаёт акс эттирилади, унда инсоннинг нақадар тубанлик ва ёвузликларга қодирлиги баён қилинади. Буюк немис шоири ва файласуфи Гётенинг мазкур доҳиёна асари ўзбекнинг буюк шоири Эркин Воҳидов томонидан моҳирона таржима қилинган. Ўйлайманки, шеърий китобларни севиб ўқийдиганлар ундан ажойиб руҳий озуқа олади.

Daron Acemoglu, James A. Robinson. «The Narrow Corridor: States, Societies, and the Fate of Liberty». Penguin Press нашриёти. 2019 йил. 576 саҳифа

акбар тошқулов, китоб, китоблар, китобхонлик, нима ўқиймиз, тавсия

Ушбу муаллифларнинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари» номли бестеллери ўзбек китобхонларига таниш. Менимча, «Тор йўлак» («The Narrow Corridor») ҳам аввалгисидан қолишмайдиган асар. Унда сиёсий тузумлар қандай ишлайди, давлат ва жамият муносабатлари қандай бўлиши лозим, улар ўртасидаги мувозанат нима учун муҳим каби саволларга конкрет давлатлар мисолида жавоб берилади.

Асар концепциясида ривожланиш учун давлат ва жамият бир-бири билан доим ўзаро рақобатда бўлиши лозимлигини, ҳеч қачон бир томонда мутлақ устунлик бўлмаслиги кераклиги, яъни улар ўртасидаги фақат тор йўлак бўлиши лозимлиги замон ва макон кесимида баён қилинган. Агар давлат гегемон бўлса — диктатура, жамият гегемон бўлса анархия юзага келиши мумкинлиги айтилади.

Муаллифлар давлатларни қуриш ва жамиятларни ривожлантириш учун зарур омилларни санар экан, ўтмишдаги ва ҳозирги давлатлар мисолида ўзлари илгари сурган концепциянинг тўғри эканлигини исботлаб берган.

Ёшларга тавсиялар

  • Абдулла Қодирий. «Ўтган кунлар» (сотиб олиш), «Меҳробдан чаён» (сотиб олиш);
  • Абдурауф Фитрат. «Ҳинд сайёҳининг қиссаси»;
  • Марсель Брион. «Менким, Соҳибқирон — Жаҳонгир Темур»;
  • Дэн Браун. «Рақамли қалъа» (сотиб олиш);
  • Уолтер Айзейксон. «Стив Жобс» (сотиб олиш);
  • Жорж Оруэлл. «1984» (сотиб олиш);
  • Bill Gates. «The Road Ahead»;
  • Теодор Драйзер. «Америка фожиаси»;
  • Adam Smith. «An Inquiry into the Nature and Causes of the Wealth of Nations»;
  • Эрнандо де Сото. «Загадка капитала».