Жума куни кечқурун Ҳиндистон шарқидаги Одиша штатида бир неча поездлар тўқнашуви оқибатида камида 288 киши ҳалок бўлди, 900 га яқин одам турли даражада жароҳат олди, деб хабар бермоқда BBC. Бу Ҳиндистонда 1980 йиллардан бери содир бўлган энг йирик темирйўл ҳалокатидир. Расмийларнинг айтишича, қурбонлар сони ортиши мумкин.

Дастлабки маълумотларга кўра, соатига 130 км тезликда ҳаракатланаётган «Шалимар-Коромандель» тезюрар поезди тахминан соат 19:00 да рельсдан чиқиб кетган ва бир нечта вагонлар «Есвантпур-Хаора» поезди келаётган бошқа йўлга ўтиб қолган. Поезд бу вагонлар билан тўқнашиб кетган, шундан сўнг, расмийларнинг сўзларига кўра, у ерда бўлган юк поезди билан ҳам яна бир тўқнашув содир бўлган.

Ҳодиса жойига 200 дан ортиқ тез ёрдам машинаси етиб борган, 100 дан ортиқ шифокор қўшимча навбатчиликка чақирилган, гувоҳларнинг сўзларига кўра, омон қолган йўловчиларнинг кўпчилиги ағдарилиб кетган машиналарда қолганларга ёрдамга келган. Қутқарув операцияси давом этмоқда.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатилиши учун барча имкониятлар яратилганини айтди. The Times of India`нинг ёзишича, бош вазир тез орада ҳалокат жойига ташриф буюради.

Ҳиндистон дунёдаги энг йирик темирйўл тармоқларидан бирига эга. Расмийлар инфратузилмани яхшилаш учун юзлаб миллион доллар сармоя киритаётганига қарамай, у ерда темирйўл ҳалокатлари тез-тез содир бўлади. Энг йирик темирйўл ҳалокати 1981 йилда содир бўлган, ўшанда Бихар штатидаги циклон пайтида гавжум йўловчи поезди дарёга қулаган ва камида 800 киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистон президенти ҳамдардлиги

Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Одиша штатида рўй берган темирйўл ҳалокати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ва бош вазири Нарендра Модига таъзия йўллади.

Давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.