Болгариянинг София шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Европа комиссиясининг 68-йиғилишида Ўзбекистонга UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясида мезбон сифатида президентлик қилиш ваколати берилди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

София мезбонлик қилаётган тадбирда ташкилотнинг қатор ваколатли органлари учун сайловлар ўтказилди. Сайловлар якунига кўра Ўзбекистон 3 та номинацияда ғолиб деб топилди.

бутунжаҳон туризм ташкилоти

Жумладан, халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистонга UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясида мезбон сифатида президентлик қилиш ваколати берилди.

«Ушбу расмий ваколат топширилар экан, UNWTO раҳбарияти ва аъзолари томонидан бугунги кунда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-юбилей сессиясини ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган тайёргарлик ишларини ҳамда мамлакатда туризмни ривожлантиришда олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон кейинги 2023−2027 йиллар муддатига UNWTO Ижроя кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. Бу UNWTO Ижроя кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларда аъзо давлатлар иштироки ҳаққонийлиги ва тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга ишониб топширилганини билдиради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2023−2027 йиллар давомида UNWTO Афилланган аъзолар қўмитасига сайланди. Шунингдек, тадбир доирасида иштирокчиларга «Самарқанд — Янги Ўзбекистон туризм дарвозаси» тақдимоти амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 16−20-октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтади.