Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев дам олиш кунида ходимларини топа олмагани учун тушунтириш хати олгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳолатни ўрганиб, бошқармаси бошлиғига жарима қўлланганини маълум қилди.

Гап шундаки, 21 май, якшанба куни Ҳусан Тўхтаев иш юзасидан Каттақўрғон ва Пахтачи туманларига борган. Шу вақтда агентликнинг Каттақўрғон ва Пахтачи туманлари бўлим бошлиқларидан «Ёшларнинг маҳаллабай йўл хариталари» бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолатини билиш мақсадида излаган ва уларнинг телефон рақамларига боғлана олмаган.

Шундан сўнг 23 май куни у бошқарманинг кадрлар бўлим бошлиғига 2 та тумандаги раҳбарлардан якшанба куни телефони ўчирилгани юзасидан тушунтириш хати олиш тўғрисида топшириқ берган.

Ёшлар ишлари агентлиги

Ёшлар ишлари агентлиги

«Меҳнат кодексининг 209-моддасида дам олиш кунларида ва ишламайдиган байрам кунларида ишлаш тақиқланиши, агарда кутилмаган қайси бир ишларнинг шошилинч бажарилишига боғлиқ бўлса, ўша ишни бажариш учун дам олиш кунлари ва ишламайдиган байрам кунлари ишга жалб этиш уларнинг ёзма розилиги билан амалга оширилиши белгилаб қўйилган», — дейилади хабарда.

Юқоридаги ҳолатда Ёшлар ишлар агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми (Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган.

Шу сабабли унга нисбатдан БҲМнинг 5 баравари — 1 миллион 650 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланди.

«Дарё»нинг ёзишича, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бу ҳолатга муносабат билдирар экан, бунда бошқарма бошлиғи ҳам, туман бўлими раҳбарлари ҳам хато қилганини айтган.

«Бу ҳолат жамоатчиликни қизиқтириб, тармоқларда кенг муҳокама қилинганини кўриб хурсанд бўлдим. Демак, биз ўз ҳақ-ҳуқуқимизни билиб, уни талаб қилишга ўтяпмиз. Ҳақиқатан ҳам дам олиш кунларида ишлаш, раҳбар талабини бажариш қонунга зид. Бошқарма бошлиғи қонунни бузган, тумандаги раҳбарларимиз ҳам бу ҳолатда ҳуқуқини талаб қилмай, хато қилган. Улар ‘якшанба куни менинг дам олиш вақтим, шу сабаб ҳеч қачон тушунтириш хати ёзмайман', деб жавоб бериши керак эди. Биз ҳар доим, барча ходимларимизга тушунтириб келганмиз. Дам олиш кунлари қонунга кўра, дам олиш, ҳеч кимни безовта қилманг деганмиз. Бундан хулоса чиқарганлари чиқаряпти. Хулоса қилишмаса, огоҳлантиряпмиз, ундаям қонунни бузишда давом этса, кейин чора кўришга мажбурмиз», — деган Алишер Саъдуллаев.