Тошкент шаҳри Чилонзор метро бекати олдидаги пиёдалар ўтиш жойида йигит қизга турмушга чиқишни таклиф қилгани акс этган видео муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видеода йигит пиёдалар ўтиш жойидан ўтиб кетаётган қизга дастлаб гул беради, кейин ёнидан узук чиқариб турмушга чиқишни таклиф қилади. Бу орада автомобиллар ҳаракатланишни бошланайди ва тирбандлик келиб чиқади.

Тошкент шаҳар суддари матбуот хизматининг маълум қилишича, йигит ва уни тасвирга олган таниши жавобгарликка тортилган.

2 июнь куни бўлиб ўтган судда М.Т. (2000 йилда Тошкент вилоятида туғилган) ва Д.П. (2004 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган) га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2023 йил 2 июндаги қарорига кўра М.Т. ва Д.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, ушбу кодекснинг 32-моддаси (маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар) 4-қисми тартибида уларнинг ҳар бирига 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Ушбу қарордан норози тарафлар 20 кун ичида Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинган.