Ўзбекистон аҳолиси ўртасида йил бошидан буён хорижий валютадаги омонатларга талаб кескин ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг биринчи чоракдаги пул-кредит сиёсати шарҳига таяниб, Spot хабар бермоқда.

Январь-март ойларида аҳолининг банк омонатларидаги пул маблағлари ҳажми 3,2 фоизга ошиб — 37,8 трлн сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, сўм омонатлари ҳажми 4,1 фоизга (1,2 трлн сўмга) камайди, хорижий валютадаги ҳисобварақлар эса 18,6 фоизга (2,2 трлн сўмга) ўсди.


Уч ой давомида аҳоли томонидан хорижий валютадаги омонатларга 2,2 трлн сўм эквивалентидаги маблағ йўналтирди. Шундан қарийб 1,5 трлн сўм маблағ март ойида келиб тушди. Шу билан бирга, миллий валютадаги ҳисобрақамлардан 0,5 трлн сўм ечиб олинган, дейилади нашр маълумотида.

Марказий банк жамғармаларнинг валюта таркиби ўзгаришини девальвация кутилмаларининг ортиши билан изоҳлади. Март ойида сўмнинг қадрсизланиши фонида омонатлар бўйича пул маблағларини чет эл валютасига ўтказиш фаоллашди. Нақд валютани харид қилиш ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.

«Бироқ, Марказий банк томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар (асосий курсни ошириш ва интервенсиялар ҳажмини ошириш) муносабати билан март ойининг сўнгги 10 кунида [девальвация] кутилмалар пасайди, маблағларни миллий валютага конвертация қилиш жараёни ва банкларга чет эл валютасини сотиш фаоллашди», — дея қайд этди регулятор.

Сўмдаги омонатлар бўйича ўртача ставка аҳоли учун бир неча йил давомида рекорд даражага етди — 20,9%, тадбиркорлик субъектларида эса 16,2 фоизгача ўсди (2021 йил апрель ойида 16,3 фоизни ташкил этган). Инфляцияга мослаштирилган реал ставка мос равишда 9,4% ва 5,2% ни ташкил этди.

Марказий банк келгуси чоракларда омонатлар бўйича амалдаги реал фоиз ставкалари ва «март ойидаги тузатишдан сўнг валюта курсининг кутилаётган барқарор динамикасини» ҳисобга олган ҳолда аҳоли сўмдаги омонатларнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолишда давом этишини тахмин қилмоқда.


Миллий валютадаги омонатларнинг умумий ҳажми биринчи чоракда 8,5 фоизга (5,6 трлн сўм), хорижий валютадаги омонатлар эса — 2,2 фоизга (1 трлн сўм эквивалентида) камайди.

Регуляторнинг таъкидлашича, бу тенденция чорак давомида бюджет даромадларининг харажатлардан ошиб кетиши билан боғлиқ бўлган вақтинчалик хусусиятга эга бўлиб, иккинчи чоракда бюджет харажатларининг мавсумий ўсиши ҳисобига пул массаси ва омонатларнинг ўсиш суръатини қайтариш кутилмоқда.