Ўзбекистонда ҳудудларнинг ободонлик даражасини ошириш, шунингдек, дарахт, буталарни экиш ва яшил ҳудудларни ташкил қилиш бўйича чора-тадбирларни ташкил этишнинг «тубдан яхшилаш тизими» жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди. Ушбу фармон билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига айлантирилди.

Ҳужжатга кўра, 2024 йилдан қуйидагилар учун ҳар йили 500 миллиард сўм ажратилади:

  • «яшил белбоғ», «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»лари ҳамда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва доимий фойдаланувчига топширилгунга қадар сақлаб туриш;
  • табиий шароитлардан келиб чиққан ҳолда магистрал йўллар ва магистрал темирйўллар бўйлаб дарахт кўчатларини экиш;
  • ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 гектардан кам бўлмаган майдонларда боғлар барпо этиш;
  • дарахт кўчатларини экиш, ер участкаларини тайёрлаш ва лойиҳалаш ишларини амалга ошириш;
  • уруғчиликни ривожлантиришда оналик плантацияларини кенгайтириш, бу орқали сифатли уруғлик ва қаламчалар тайёрлаш;
  • ўрмон хўжалиги ва ўрмон кўчатчилигини ривожлантириш, шу жумладан, ёпиқ илдизли тизим тувакда етиштириш усулини қўллаш ва дарахт турларидан келиб чиқиб камида 3 йил давомида парваришлаш;
  • суғориш тизимларини ташкил этиш ва сув чиқариш қудуқларини ўрнатиш.

Шунингдек, ҳар йили шаклланадиган ва тасдиқланадиган Ўзбекистоннинг манзилли кўкаламзорлаштириш инвестиция дастури амалга оширилади. У қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • тадбирларнинг асосий параметрлари ва йил учун мақсадли мўлжаллар;
  • дарахт кўчатлари экиладиган автомобиль ва темирйўллар ёқаларининг манзилли рўйхати;
  • соҳа ва тармоқлар, ҳудудлар, ташкилотлар кесемида манзилли рўйхатлар;
  • тадбирларни амалга оширишнинг аниқ молиявий механизмлари ва манбалари.

Дарахт кўчатларини экиш, суғориш, парвариш қилиш «яшил боғ» ва «яшил жамоат парки», «яшил қалқон» ҳамда «яшил қоплама» ҳимоя ўрмонзорларини ташкил этиш давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Буюртмачилар, лойиҳачилар ва пудратчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади. Экологик экспертиза Экология вазирлигига юклатилади.

Фармонда, шунингдек, 2023 йил якунига қадар ҳар бир давлат ташкилоти ва ҳокимликнинг тегишлича бюджетдан ташқари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ўз боғлари ташкил этилади ҳамда уч йил давомида парваришланади. Шу билан бирга, ташкилотларнинг боғлари туман ва шаҳарларнинг марказий ҳудудларида 50 сотихдан 2 гектаргача бўлган майдонни эгаллаши белгиланди. Бу боғлар учун ер майдонларини аниқлаш ва маблағ ажратиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

1 сентябрдан бошлаб ҳар бир йирик саноат корхонаси (атроф-муҳитга таъсири I ва II тоифага кирувчи) томонидан ўз ва унга туташ ҳудудларида вазирлик билан келишилган лойиҳа асосида уч йил давомида «яшил белбоғ»ларни яратади.