Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан Улуғбек Шухратович Ташходжаев Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

У 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, мутахассислиги шарқшунос филолог, араб тили ўқитувчиси. 1996 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтини (бакалавр), 2005 йилда Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби (магистратура)ни тамомлаган.

Улуғбек Ташходжаев шу кунга қадар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, президентнинг 2022 йил 24 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази Адлия вазирлиги ҳузурига ўтказилган.

Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасидан Адлия вазирлиги ҳузурига ўтказилган «Ўзархив» агентлигига Улуғбек Юсупов директор этиб қайта тайинланганди.