Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ўзбек аёлларининг мартабага эришиш имкониятларини таҳлил қилди.

Бугунги кунда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, барча соҳаларда гендер тенглигига эришиш, меҳнат бозорида камситишларга барҳам бериш ва иш ҳақи тенглигини таъминлаш бутун дунёда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Пандемия аёллар бандлигига жуда салбий таъсир кўрсатди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, 2019−2020 йилларда аёллар бандлиги 4,2%га камайган ва жами 54 млн иш ўрни бой берилган. Бу 2020 йилда ишлайдиган аёллар сони 2019 йилдагига нисбатан 13 миллион нафарга камайганлигини англатади.

ХМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат бозорида иштирок этиш даражаси 60% ни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич эркаклар ўртасида 71,9% ни, аёллар орасида эса 46,6% ни ташкил қилган. Умуман олганда, аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларнинг иқтисодий фаоллигидан 1,5% кам.

Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги эркакларникига нисбатан паст. 2021 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич аёллар орасида 41,3 фоизни, эркаклар орасида эса 56,9 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон аёлларининг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллиги 30 ёшдан бошланади. Сабаби, ўртача 22,3 ёшида турмуш қуради ва ундан кейин камида 2 йилни туғруқ таътилида ўтказади. Ундан сўнг меҳнат бозорига қайтади, лекин қисқа вақтдан кейин уларнинг такрорий туғруқ таътилига чиқиш эҳтимоли юқори.

30 ёшида аёллар мартабага эришиш билан шуғуллана бошлайди

«Аёлларнинг тез-тез декрет таътили ва фарзандлари саломатлиги туфайли касаллик таътилига чиқиши иш берувчилар орасида аёлларнинг потенциал ходим сифатида жозибадорлигини пасайтиради. Эркакларнинг потенциал ходим сифатидаги афзалликлари шундаки, улар туғруқ таътилига чиқмайди (қонуний ҳуқуқи бўлса ҳам), ишда ушланиб қолишга тайёр, иш бўйича сафарларга боришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ», — дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашдаги жиддий тафовутнинг асосий сабабларидан бири — бу касб сегрегациясидир [кундалик ҳаётда одамларни ирқий, этник ёки бошқа гуруҳларга мажбуран ажратиш]. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ишлайдиган аёллар эркакларга нисбатан ўртача 39 фоиз кам маош олади. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, бу, жамиятда ҳукм сураётган қарашлар ва Ўзбекистонда касбларнинг эркаклар ва аёллар учун мўлжалланган касбларга ажратилиши билан боғлиқ.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Ўзбекистон хотин-қизларининг иқтисодий фаоллиги пастлиги, аввало уларнинг уй-рўзғор ишлари ва бола парвариши билан тўлиқ банд эканлиги билан боғлиқ. Ўзбекистон аёллари вақтининг 22 фоизини уй юмушлари ва бола парваришига сарфлайди. Бу иш ҳақи тўланмайди меҳнат ҳисобланади, эркаклар эса вақтининг 9% ини уй юмушларига сарфлайди. Уй ишлари билан боғлиқ катта масъулият ўзбек аёлларининг мансаб пиллапояларидан юқори кўтарилишига тўсқинлик қилади.

«Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги анъаналарга кўра, уй ишлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш аёлнинг асосий вазифаси ҳисобланади. ХМТ тадқиқотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи оилада эркакнинг рўзғор тебратиши, аёлнинг эса уй юмушлари ва болалар билан шуғулланишини афзал кўради. Мамлакат аҳолисининг 93 фоизи турмуш ўртоғи ишламаса ҳам, кўпчилик уй юмушларини аёл бажариши керак, деб ҳисоблайди. Бундай қарашларнинг барчаси жамиятда ҳам, меҳнат бозорида ҳам гендер тенгсизлиги мавжудлигидан далолат беради», — дейилади ҳисоботда.

Аёллар фаолиятининг асосий йўналишлари

Ўзбекистонда аёллар кўпроқ барқарор иш ўринлари ва қулай шароитларни таклиф қиладиган давлат секторида ишлайди. Аёллар бандлигининг тармоқ тузилмаси шу билан характерланадики, улар асосан иш ҳақи паст ва иш вақти қисқароқ соҳаларда ишлайди. Булар таълим, соғлиқни сақлаш каби тармоқлар ва умуман, ижтимоий соҳа. Эркаклар ва аёлларнинг иш ҳақи ўртасидаги тафовут сабаби ҳам айнан мана шу билан боғлиқ.

Ўзбекистонда сўнгги 5 йил давомида аёллар бандлик борасидаги режаларини ўзгартирмаган. Айтиб ўтилганидек, ўзбек аёллари асосан ижтимоий соҳа тармоқларида фаолият юритади ва айнан мана шу соҳаларда энг паст иш ҳақи кузатилади. Юқори маош тўланадиган соҳаларда асосан эркаклар (IT соҳаси ва молия сектори) ишлайди. Эътиборлиси, таҳлил этилаётган даврда IT соҳасида банд бўлган аёллар улуши 3%га ошган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва ишлаб чиқариш каби оғир жисмоний меҳнат талаб этувчи соҳаларда хотин-қизлар салмоғининг камайиши кузатилмоқда.

Инфографика: 2016 ва 2021 йилларда Иқтисодиётда банд бўлган аёлларнинг тармоқлар бўйича тақсимланиши (фоизда)

Олий маълумотга эга бўлиш юқори маош тўланадиган ишларда меҳнат қилиш имконини беради. 2020 йилда республиканинг 25 ва ундан катта ёшдаги аҳолиси орасида олий маълумотли аёллар улуши 13,2 фоизни, эркаклар улуши эса 20 фоизни ташкил этди. Бинобарин, юқори маошли ишларга кўпроқ эркаклар жалб қилинади.

Аёллар орасидаги ишсизлик

2021 йилда аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси 13,3 фоизни (таққослаш учун — дунё бўйича 6,1%) ташкил этди. Бу эркаклар ўртасидаги ишсизлик даражасидан икки баравар юқори. Ишсиз аёлларнинг асосий қисмини ўрта махсус (65,8 фоиз) ва ўрта (28,5 фоиз) маълумотга эга, шунингдек, қисман олий маълумотли хотин-қизлар (3,4%) ташкил этади. Ишсиз аёлларнинг 44 фоиздан ортиғи 15−30 ёш оралиғида. Хотин-қизлар ўртасида ишсизликнинг энг юқори кўрсаткичи Қашқадарё (15,5 фоиз), Сурхондарё (15,0 фоиз) ва Сирдарё (4,7%) вилоятларида кузатилмоқда.

Кўп аёллар бола парвариши ва уй ишлари билан боғлиқ ҳолда уйда ўтиришга қарор қилади. Бу эса касбий маҳоратнинг йўқолишига олиб келади. 2021 йилда мактабгача таълим билан қамраб олинган 3−6 ёшли болалар улуши 62 фоизни ташкил этган бўлса, 1−6 ёшли болалар орасида бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмаган, яъни, болаларнинг тахминан 40−70 фоизи уйда оналари томонидан тарбияланади.

ПМТИ мутахассислари ўзбекистонлик аёлларнинг мартабаси ошиши йўлидаги асосий муаммоларни аниқлаш мақсадида ишлайдиган аёллар ўртасида сўров ўтказди. Сўровда турли фаолият соҳаларида ишлайдиган 300 нафар аёл (Н=300) иштирок этди. Сўров жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилди. Респондентларнинг ёши 16 ёшдан 65 ёшгача, ўртача ёши 36 ёш. Сўровда олий маълумотли (68 фоиз), илмий даражага эга (13,6 фоиз), ўрта махсус (20,6 фоиз) ва умумий маълумотли (7%) аёллар иштирок этди. Респондентлардан 65,8 фоизининг 2 ва ундан ортиқ фарзанди бор, 25 фоизи турмуш қурмаган ёки ажрашган.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Сўров қуйидаги хулосаларга олиб келди:

  • респондентларнинг 88 фоизи аёллар ишлаши керак, деб ҳисоблайди;
  • аёллар учун мартабага эришиш эркакларга нисбатан анча қийин, деб ҳисоблашади
  • хотин-қизлар учун мартабага эришишда жамиятда аёлнинг уй бекаси бўлиши кераклиги ва турмуш ўртоғининг ишлашни тақиқлаши асосий тўсиқлардан биридир
  • аёллар ҳар куни камида 4 соат вақтини уй юмушларига, яъни ҳақ тўланмайдиган ишларга сарфлайди, эркаклар эса кунига атиги бир соат вақт сарфлайди (сўровда иштирок этган аёлларнинг фикрига кўра);
  • аёл раҳбарларнинг ўртача ёши 38 ёш.
  • сўровда иштирок этган аёлларнинг фикрига кўра раҳбарлик лавозимларига тайинлашда эркакларга кўпроқ афзаллик берилади.

Эконометрик таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, аёлларнинг ишлаш ёки ишламаслик эҳтимолига, биринчи навбатда, уларнинг оилавий ҳолати таъсир қилади. Бундан ташқари, оиланинг фаровонлиги, таълим даражаси, қисман аёлнинг ёши ҳам унинг иқтисодий фаоллигига таъсир қилади. Шаҳарда ёки қишлоқда яшаши, саломатлиги, фарзандларнинг борлиги (маълумотлар базасида болалари аллақачон 16 ёшга тўлган аёллар кўп) каби омиллар статистик жиҳатдан аҳамиятсиз бўлиб чиқди.

«Ўтказилган таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, сўнгги 5 йил ичида аёлларнинг мартабага эришиши, меҳнат бозоридаги иштироки йўлидаги кўплаб тўсиқлар сезиларли даражада камайган. Бу жараёнда ҳукуматнинг жамият ва иқтисодиётда гендер тенглигига эришиш бўйича қабул қилинган қарорлари асосий омил бўлмоқда. Бироқ ўзбек аёллари учун мартабага эришиш эркакларга нисбатан анча қийин», — дейилади ҳисоботда.

Сўров натижалари (аёлларнинг 70 фоизи) эркаклар орасида «аёл фақат уй ишлари ва болалар билан шуғулланиши керак», деган фикр мавжудлигини тасдиқлади. Бу факт эконометрик модель натижалари билан тасдиқланди, хусусан, аёлнинг ишлаш ёки ишламаслик эҳтимолига, биринчи навбатда, уларнинг оилавий ҳолати таъсир қилиши маълум бўлди.

ПМТИ мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўзбек аёли аслида кунига 12 соат ишлайди, 7−8 соат ишхонада ва ундан кейин ўртача 4 соат уй ишлари билан банд.