Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 11 нафар ўзбекистонлик ҳунарманднинг нуфузли Homo Faber Guide рўйхатига киритилганини маълум қилди.

Микеланжело жамғармаси томонидан яратилган онлайн майдонча — Homo Faber Guide ҳунармандлар, ательелар, саноат корхоналари, музей, галереяларни излаб топиш имконини беради. Шунингдек, Европа ва ундан ташқарида косибчиликнинг ҳозирги замондаги ривожи билан боғлиқ тажрибани тақдим этади.

Сайёҳлик йўлланмасига киритилганлар:

  • кулол Акбар Раҳимов;
  • зардўзлик санъати устаси Нодир Расулов;
  • кулолчилик устаси Абдулвоҳид Бухорий;
  • сўзана устаси Мадина Қосимбоева;
  • зарб этувчи, мис устаси Жўрабек Сидиқов;
  • ёғоч ўймакорлиги устаси Одамбой Машарипов;
  • ранг-тасвир миниатюраси рассоми ва қадимий китоблар реставратори Давлат Тошев;
  • уста косиб Ҳасан Умаров;
  • ипак газламалари устаси Нурмаҳаммад Валиев;
  • гиламдўзлик устаси Сабина Бурхонова;
  • Meros қоғоз фабрикаси ҳунармандлари.

Айни пайтда платформада шиша дамгарларидан тортиб ниқоб ясовчиларгача, қоғоз ҳайкалтарошларидан то кумуш усталаригача бўлган 2200 дан ортиқ истеъдодли ҳунарманд ва уларнинг асарлари тақдим этилган.

homo faber, ҳунармандлар

30−31 май кунлари Бухорода ушбу ютуқни нишонлаш ва анъанавий ҳунармандчилик соҳасида халқаро маданий алмашинувни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида муҳокамалар, маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказилди.

Хусусан, 30 май куни маданий тадбирлар дастури Микеланжело жамғармаси ижрочи директори Альберто Кавалли ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова томонидан ўтказилган Homo Faber Guide`нинг Ўзбекистонга оид боби тақдимоти билан очилди. Таниқли дизайнер ва ҳунармандлар Нада Дебс (Ливан) ва Аҳмад Ангавий (Саудия Арабистони) «Ҳунармандлик қудрати» панел муҳокамасида иштирок этди.

«Биз Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлик қилаётганимиздан мамнунмиз…Жамғарманинг бебаҳо тавсиялари шарофати билан ўзбекистонлик усталарнинг бебаҳо хазиналарини кашф этишни сабрсизлик билан кутиб қоламиз», — деди Альберто Кавалли.

homo faber, ҳунармандлар

Гаянэ Умерованинг таъкидлашича, Homo Faber Guide`да Ўзбекистонга оид боб пайдо бўлиши «анъанавий ўзбек маданиятининг ички дунёси борлиғини янада теранроқ англаш йўлидаги муҳим қадамдир».

«Тарихи юзлаб йилларга бориб тақалувчи ҳунармандчиликнинг қадр-қимматини англаш орқалигина маданий ўзликни асраб-авайлаш ҳақида сўз юритиш мумкин. Биз учун «Ўзбекистон боби»нинг вужудга келиши муайян пири устозларнинг эътирофигина эмас, унинг миқёси анча кенг, яъни бутун ўзбек маданиятининг тан олинишидир», — деди у.

Homo Faber йўлланмаси рўйхатига ўзбекистонлик усталарнинг киритилишига бағишланган махсус тадбирлар доирасида Микеланжело жамғармаси раҳбарлари Самарқандга ташриф буюриб, маҳаллий ҳунармандлар ва маданий мерос иншоотлари билан танишади.

homo faber, ҳунармандлар

Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Микеланжело жамғармаси каштачилик йўналишида таҳсил олаётган 10 нафар хорижлик талаба ва ёш мутахассисларга Бухорога ташриф буюриб, ўзбекистонлик тенгдошлари ва ҳунармандлари билан тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига шўнғиш, анъана ва урф-одатлари билан танишиш ҳамда Homo Faber Guide рўйхатида келтирилган таниқли ҳунармандлар билан шахсан учрашиш учун имкониятни тақдим этади.

Мазкур маданий алмашинувни қўллаб-қувватлаган ҳолда қўлланма муҳаррири Андреа Томаси ҳам ҳунармандчилик масканлари, етакчи мутахассислар ва усталар ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида мамлакат бўйлаб саёҳат қилади. Ушбу тадқиқот платформада ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарининг виртуал макондаги тафсилотларини 2023 йил охиригача кенгайтиришга қаратилган.

homo faber, ҳунармандлар

Тадбирлар дастури қуйидаги мақсадларга йўналтирилган:

  • Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Микеланжело жамғармаси ўртасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ўрнатиш;
  • ижодкорлик ва ҳунармандчиликнинг халқаро ривожланишига нисбатан Ўзбекистоннинг мавқейини намойиш этиш;
  • Бухоронинг ЮНЕСКО ижодкор шаҳарлар тармоғига киритилишда номзод сифатида мавқейини мустаҳкамлаш;
  • Микеланжело жамғармаси лойиҳалари орқали мамлакат ривожига кўмаклашиш учун ҳунармандларни жалб этиш;
  • бутун дунё каштачилик усталарини зардўзлик санъати билан таништириш ва маҳаллий устахоналарда ижодкорликни рағбатлантириш.