Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар ота комплексига тегишли намозгоҳ нураб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маданий мерос агентлиги ҳолатни ўрганиб, меъморий ёдгорлик 2023 йилги реставрация режасига киритилганини маълум қилди.

Муғлон қишлоғи ҳудудида жойлашган «Намозгоҳ» масжиди XIV аср ёдгорлиги ҳисобланади.

«Ушбу иншоот Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига архитектура ёдгорлиги сифатида киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган. Меъморий ёдгорлик 2023 йилги реставрация режасига киритилган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда дастлабки лойиҳа ҳужжатлари шакллантирилиб, реставрация жараёнини амалга ошириш учун экспертиза хулосалари тайёрланмоқда.