Mars, Snickers ва Bounty ишлаб чиқарувчи Американинг Mars, Inc компаниясининг ишончли вакили Ўзбекистон Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаментига ушбу брендларга бўлган ҳуқуқлар бузилгани тўғрисида мурожаат қилди, дея хабар берди департамент матбуот хизмати.

Компания адаштириб юбориш даражасида фонетик ва график жиҳатдан ўхшаш бўлган Strikers, Maris ва Bonti товар белгилари остида контрафакт шоколад маҳсулотларини ишлаб чиқариб, савдога таклиф этиб келаётган «A.B» МЧЖга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Департамент томонидан маҳаллий корхонада ўтказилган текшириш натижаларига кўра, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси 1-қисми (Ўзганинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш) билан маъмурий баённома тузилди.

Қалбаки маҳсулотларнинг ўрамини утилизация қилишга қарор қилинди, видеога олинган ушбу жараён бошқарма матбуот хизмати томонидан ҳам эълон қилинди.