Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) миллий қадриятларнинг жамият ҳаёти ва мамлакат тараққиётидаги аҳамиятини таҳлил қилиб, Ўзбекистонда «муҳим миллий қадриятлар» рўйхатини шакллантиришни таклиф қилди.

Қуйидагилар миллий қадриятлар рўйхатини киритиш учун таклиф этилмоқда:

  1. ота-онага эҳтиром;
  2. тозалик;
  3. ҳаракатда барака;
  4. ўзбек тили;
  5. диний бағрикенглик;
  6. сўз эркинлиги;
  7. лафз (қонун, бурч ва келишувга садоқат);
  8. елкадошлик;
  9. меҳмондўстлик;
  10. рози-ризолик.

Нима учун бу қадриятлар муҳим?

Тадқиқотлар институтининг ёзишича, Ўзбекистон Конституциясида ҳам қадриятлар ўз аксини топган.

«Буни, хусусан, бунёдкорлик ғояларига содиқлик, юксак масъулият, ижтимоий адолатпарварлик, инсонпарварлик, миллий тотувлик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари, мафкуралар хилма-хиллиги ва эркинлиги, ижтимоий адолат, фуқароларнинг қонун олдидаги тенглиги, виждон эркинлиги, адолатли меҳнат каби тамойиллар мисолида кўриш мумкин. Конституция бу — ҳужжат. Конституцияда белгиланган моддаларнинг ҳаётдаги ижросини таъминлаш учун унда акс эттирилган ғояларни қўллаб-қувватлаш керак. Бунинг учун қадриятлар бир-бирига мос тушиши керак. Бу ерда қадриятларимизни аниқлаб олиш ва тагига чизиб қўйиш фурсати етган», — дейилади хабарда.

МҲТИ бунинг нега муҳим эканига тўхталар экан, мамлакат ҳудудлари бўйлаб ягона ва «ҳаммага таниш бўлган қадриятлар рўйхати тузилишига» эҳтиёж борлигини билдирди.

«Биз Андижон, Сурхондарё ва Хоразмдаги ёшлардан қадриятларимиз нима, деб сўрасак, улар бир-бирига 90% яқин қадриятларни айтса, демак, бизда ҳаммаси яхши. Аммо „қадриятларимиз“ деб 100 марта эшитган 14 ёшли бола уларнинг тўлиқ рўйхатини қаердан кўриб ўрганиши мумкин? Ҳаммага таништирилган қадриятлар рўйхати борми, деган савол юзага келади. Ҳозирча йўқ. Бизда ҳам бу борада бир тўхтамга келиб, аниқ ва тиниқ қилиб белгиласак, у ёки бу ҳодиса, қонун ва хатти-ҳаракатни баҳолашда кўл келадиган призма ёки мезонни яратиб олган бўлардик», — дея тушунтириш берди институт.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, шунингдек, бундай рўйхатни тузиш жаҳон тажрибасида бор эканини таъкидлаб, АҚШ, Дания, Буюк Британия ва Россия мамлакатларини мисол қилиб келтирган.

Мақоланинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.