Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги боғчада болаларнинг оёғига ухламаганлик учун игна тиқилаётгани айтилган видео тарқалди. Пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат 122-сонли ДМТТда содир бўлганини билдириб, воқеа тафсилотларини маълум қилди.

Видеода тарбияланувчилардан бирининг онаси ўғлининг думғаза қисмига игна санчилганини айтган.

Аниқланишича, педагогика коллежи ўқувчиси Р.М. амалиётини ўташ учун туманнинг «Орият» МФЙда жойлашган 122-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига 11 май кунидан 4-сонли кичик гуруҳга қабул қилинган.

У 26 май куни шу гуруҳдаги тарбияланувчилар ухламагани сабабли 2−3 нафарига игна тиқиб олган. Ҳозирда талаба амалиётдан четлатилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.