Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фаолият юритувчи блогер Элмурод Одилов фермерлар ишига аралашгани учун 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмат хабар бермоқда.

Вилоят Ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, 26 май куни тахминан соат 22:30 атрофида Яккабоғ тумани «Ибн Сино» МФЙ ҳудудидаги пилла маҳсулотини сақлаш омборхонасига пиллаларни қабул қилиб олиш жараёни вақтида ўзини Elmurod blog деб таништирган фуқаро Элмурод Одилов келган.

«Шу ерда фермерларнинг ишига аралашиб, уларга турли номуносиб савол жавоблар қилиши оқибатида ўрталарида жанжал келиб чиққан. Ушбу жараёнда блогер фермерларни ҳақорат қилган», — дейилади ИИБ хабарида.

Пилла етиштирувчи фермерлар блогернинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Яккабоғ туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Одиловга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қатор моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Daryo нашри эса блогер аввалига пилла пунктида Ички ишлар ходимлари томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида ёзди. Сайт мухбири калтакланган блогер катта эҳтимол билан Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Фозил Хидировнинг ёшлар етакчиларига берган топшириқлари ижросига бағишланган йиғилишини ёритишга урингани, бироқ тўсиққа учраганини аниқлаган.

«Фозил Хидиров тумандаги барча ёшлар етакчиларига мурожаат қилиб, блогер калтаклангани айтилаётган йиғилишга тайёргарлик кўриб боришлари кераклигини, ҳамма сафарбарлик чақирувчи резервига бир нафардан фуқарони жалб қилиб, шартнома пулини тўлатиб бориши кераклигини уқтиргани, буни қилмаганлар ишдан бўшатилиши мумкинлигини айтганди», — дейилади хабарда.

блогер, қашқадарё

Фото: Daryo

Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг 27 майдаги қарорига кўра 1988 йилда туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган Элмурод Одилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 198-моддаси (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган.

Унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълумот беришича, бировнинг пулини олиб, жамоатчилик назоратини суиистеъмол қилган ва жанжал эвазига мавҳум манфаатларга эришмоқчи бўлган блогер суд қарори билан шу тарзда жазоланган.

Олий суд хабарида ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақли экани эслатиб ўтилди.