Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси Тошкентдаги Вестминстер университети талабаси 2022 йилда ҳали вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилгани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг Тошкент шаҳри суди матбуот хизмати ҳам воқеа юзасидан маълумот берди.

Унда қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2023 йил 13 апрелдаги ҳукми билан судланувчи Ш. Х. (2003 йилда туғилган) 2022 йилнинг кузида вояга етмаган Д.Ш. (2007 йилда туғилган)га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бунда унинг зиммасига

  • кафе, бар, ресторан ва бошқа кўнгилочар жойларга бормаслик;
  • оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
  • маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
  • жабрланувчи Д.Ш. билан кўришмаслик ва ҳар қандай усулда у билан суҳбатлашмаслик;
  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилган.

Туман прокуратураси томонидан келтирилган протестга асосан, ушбу жиноят иши Тошкент шаҳри судининг апелляция инстациясида кўриб чиқилиб, 13 апрелдаги ҳукм ўзгартирилган.

Судлов ҳайъатининг 18 майдаги ажрими кўра Х.Ш.нинг зиммасига 13 апрелдаги суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг

  • назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш, иш ҳамда ўқиш жойини ўзгартирмаслик;
  • Интернет тармоқларидан фойдаланмаслик каби тақиқлар (чеклашлар) қўшимча равишда юклатилган.