Эндиликда Ўзбекистонда ёқилғи-энергия соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни фото ва видеога олиб, хабар берганлар пул билан мукофотланади. Бу бўйича 24 май куни «Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва «рақамли энергоназорат» тизимини жорий этиш тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-77-сон] қабул қилинди. Адлия вазирлиги бунинг тартибини тушунтирди.

Фармонга кўра, электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимлари тўлиқ жорий этилади.

1 сентябрдан аҳоли электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни Энергетика вазирлигининг интернетдаги махсус ахборот тизимига юбориши мумкин бўлади.

Вазирлик буни белгиланган тартибда кўриб чиқади. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Суратлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш вазирликнинг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Расмни юборган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди. Қонун бузилиши аниқланганда, прокуратура органлари давлат органлари ва мансабдор шахсларга талабнома киритади.

Шунингдек, Ўзэнергоинспекция фаолиятида «Энергоназорат» платформаси ҳамда унинг мобил иловасининг синов версияси 2024 йил 1 мартгача (Қашқадарё вилоятида), тўлиқ версияси эса 2024 йил 1 октябргача жорий этилади.