Наманган шаҳри Давлатобод туманида 24 май куни содир бўлган ЙТҲда бир киши вафот этди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси.

Соат 22:45 да туманнинг Ислом Каримов кўчасида 1998 йилда туғилган фуқаро Nexia-2 русумли автомашинани бошқариб кетаётган бўлган. У ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлдан ўтаётган 2 пиёдани (1999 ва 2002 йилларда туғилган) уриб юборган.

Ҳодиса оқибатида пиёдалар оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, улардан бири вафот этган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини одам ўлишига сабаб бўлган ҳолда бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.