24 май куни тушдан кейин Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Golden House компаниясига қарашли «Новомосковская» турар-жой мажмуасидаги хонадонлардан бирининг балконидан Украина байроғи махсус кран ёрдамида олиб ташланди. Хонадон эгаси Режеп Латипов воқеа ҳақида «Газета.uz»га маълум қилди.

байроқ, украина байроғи, тошкент

У жўнатган фотосуратларда фуқаролик кийимидаги икки кишининг ўт ўчириш машинаси крани ёрдамида 8-қаватдаги квартира балконига чиқиб, Украина байроғини олиб ташлаганини кўриш мумкин. Бошқа бир суратда эса ҳарбий либосдаги ходимнинг ишни кузатаётганини кўринган.

Режеп Латиповнинг айтишича, ҳозир рафиқаси билан Туркияда таътилда, шунинг учун хонадонда ҳеч ким бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, байроқ ечиб олинишидан аввал, 24 май куни соат тахминан 14:30—15:00 ларда унга ўзини Мирзо Улуғбек тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимиман деб таништирган шахс қўнғироқ қилган.

«У ўзини Мурод деб таништирди шекилли, унвони майор. У шахсимни аниқлаштирди ва Украина фуқароси эканлигимни сўради. Мен ундан нега бундай саволларни бераётганини сўрадим. Кейин у: „Балки сизнинг хотинингиз украиналикдир?“ — деб сўради. Йўқ. „Балки ўша ерда туғилгандир?“ Йўқ, у шу ерда туғилган. Telegram орқали мулоқот қилдик. Умуман олганда, моҳият шундаки, уларга балконимда Украина байроғи осилгани ҳақида сўров ёки баёнот келиб тушган», — деди у.

Хонадон эгасининг айтишича, байроқ кўчага эмас, ҳовлининг ички қисмида жойлашган балконга осилган.

«У байроқ нима учун осилганини сўради. Мен унга бу шахсий ишим эканини айтдим. У узоқ вақт давомида Украина билан қандай алоқалар борлигини билишга уринди… Шундан сўнг, уйда яшовчилар гуруҳида чақув ҳақида хабар ёздим ва муқимлардан ким шикоят қилган бўлса, мен билан шахсан боғланишини сўрадим. Бунинг устига байроқ 1,5 йилдан кўпроқ вақтдан бери, аниқроғи 2022 йил мартидан бери осилган турибди. Кейин муқимлар уйимизга 3−4 та ҳуқуқ-тартибот идоралари машинаси кириб келгани, ҳарбий формадаги 8−10 га яқин одам деразамга қараб туришганини айтишди», — дейди Режеп Латипов.

У муқимларнинг сўзларига ишора қилган ҳолда аввалига уйга ўт ўчириш машинаси келгани, аммо унинг нарвонлари 8-қаватга кўтарилиш учун етарли бўлмаганини айтди. 2−3 соатдан кейин ФВВнинг кранли автомобили келган.

«Машина келганида, ХУЖМШ вакили менга қўнғироқ қилди ва ходимлар байроқни олиб ташлашни режалаштираётганини айтди. Мен ходимдан нима бўлаётганини сўрадим. „Биз байроқни туширишимиз керак“, дейди. „Нима учун, нимага асосланиб?“ — деб сўрадим, у жавобан: „Шундай топшириқ келган, биз буйруқ асосида ишлаймиз“, дейди. Буйруқ суратини Telegram орқали юборишини сўрадим. Агар бу қонунга мувофиқ бўлса, унда ҳеч қандай масала йўқ, ҳеч қандай шикоят йўқ. Улар уни жўнатишни ваъда қилишди, лекин ҳеч нарса жўнатишмади», — деди уй эгаси.

байроқ, украина байроғи, тошкент

Режеп Латиповнинг айтишича, у Украинанинг Черновци шаҳрида отаси ҳарбий хизматни ўтаётганда туғилган. Орадан уч ой ўтиб, оила Тошкентга қайтишган.

«Мен у ерда туғилганман, холос, уни кичик ватан деб биламан. Украина билан мени кўп нарсалар боғлаб туради, у ерда дўстларим бор. У ерга тез-тез бориб турардим. Лекин менда Украина фуқаролиги йўқ, мен у ерда туғилганман, холос. Шу билан бирга, Россияда ҳам дўстларим кўп, мен рус маданияти муҳитида ўсганман, русийзабонман. Аммо урушни ва у билан боғлиқ ҳамма нарсани ёмон кўраман», — деди у.

Режеп Латипов Украина байроғини унинг киевлик дўстлари жўнатганини таъкидлади.

«Балкондаги ўша байроқнинг узунлиги 1−1,2 метр, эни эса тахминан 60 см эди. Айтмоқчиманки, бу унчалик катта эмас. Уни кўриш учун сиз 8-қаватга атайин қарашингиз керак. Шу билан бирга, 1,5 йил давомида биронта ҳам қўшни менга ҳеч нарса демади», — деди у.

Квартира эгаси украиналик дўстларини қўллаб-қувватлаш учун Украина байроғини осиб қўйганини тушунтирди.

«Бу ерда масала айнан дўстларимни қўллаб-қувватлашда, чунки, сиз тушунишингиз учун, дўстларим Бровари шаҳрида яшаган ва уларнинг тирик ёки йўқлигини ҳали ҳам билмайман. Броварида рус қўшинлари бор эди, Бучадаги каби эмас, лекин уни остин-устун қилиб ташлашди. Мен ҳали ҳам дўстларим билан боғлана олмаяпман. Умид қиламанки, улар шунчаки кетишган», — деди у.

байроқ, украина байроғи, тошкент

Режеп Латиповнинг айтишича, у ИИБ ходими Муроддан шахсий ҳудудга рухсатсиз кирганлик бўйича аризани қабул қилишни сўраган.

«Учиб боришим билан ИИББга бораман. Шунчаки эмас, барча ҳақиқатларимизни билган ҳолда адвокат билан бормоқчиман. Ҳозир қонунчилигимизни ўрганяпман. Афтидан, [байроқ илишни] тақиқловчи қоидалар йўқ. Ўзбекистон байроғи билан боғлиқ баъзи фикрлар бор, лекин улар унчалик аниқ эмас», — деди у.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ресурсларидан самарасиз ва исрофгарчиликка йўл қўйилаётганига тўхталиб ўтди. «Байроқни олишга жуда кўп ресурслар жалб қилинган. Мен ҳатто Instagram саҳифамда: „Ҳой болалар, мен сизнинг ишингизга халақит бермоқчи эмасман, лекин бунга арзийдими? Бу „умумқўшин операцияси“ тахминан 3−4 соат давом этди“, — деб ёздим», — деди у.

«Газета.uz» пойтахт ИИББдан ҳолат юзасидан изоҳ сўраган ва жавоб кутмоқда.