Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб юридик шахсларга хорижий ижтимоий тармоқларда реклама бериш харажатларини чет эл валютасидаги корпоратив банк карталари ёрдамида амалга оширишга рухсат берилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 19 майдаги қарорида акс этган.

Бу норма президент томонидан 2022 йилнинг август ойида тасдиқланган 2022−2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси»да (ПҚ-357) назарда тутилган эди.

Шу билан бирга, бундай харажатларнинг чегараси календарь ойида 5000 доллардан ошмаслиги керак.

Тўловлар тўғрисидаги маълумотлар ташқи савдо операцияларининг ягона электрон тизимига киритилиши керак. Улар орасида ижтимоий тармоқ номи ва уни рўйхатдан ўтказган давлат, реклама хизматларини кўрсатувчи хорижий компания номи, тўлов санаси ва миқдори, хизмат кўрсатилишини тасдиқловчи ҳужжат рақами кўрсатилган. Агар хорижий компания кўрсатилган хизматлар бўйича ҳужжатларни тақдим этмаса, у ҳолда хизмат кўрсатиш сана ойнинг охирги куни деб ҳисобланади.

Spot нашрининг Солиқ қўмитаси маълумотларига таяниб хабар беришича, биргина йилнинг ўтган тўрт ойида Ўзбекистонда хорижий интернет хизматлари томонидан 122,9 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 32,4 млрд сўм солиқ тўланган. Ушбу суммаларнинг асосий қисми реклама сотишдан даромад оладиган Meta, Google ва Yandex компанияларига тўғри келади.