Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 22−26 май кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба куни Ўзбекистон бўйича қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +32…+35 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +36…+38 даражани ташкил этади.

Кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Фақат 23−24 май кунлари республика шарқий ҳудудларининг энг чекка қисмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Қозоғистон ҳудуди устида жойлашган антициклоннинг таъсири ҳафта ўрталарида ҳарорат фонини бироз пасайтиради. Кундузги ҳаво ҳарорати +25…+30 даража атрофида бўлади. Иш ҳафтасининг охирига келиб, ҳарорат яна +31…+33 даражагача кўтарилади.

23−24 май кунлари республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ҳафта давомида маҳаллий момақалдироқли ёмғирлар билан кучсиз беқарорлик кузатилади.

Тошкент шаҳрида душанба куни ва ҳафтанинг охиригача ёғингарчилик кутилмайди, фақат сешанба кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 23−24 май кунлари шамол тезлиги 12−14 м/с гача кучайиши мумкин. Хусусан, душанба куни кундузи ҳаво ҳарорати +31…+33 даража бўлади, қолган кунларда эса ҳарорат асосан +26…+30 даража атрофида бўлади.