Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектростанциясида модернизация ишлари якунланди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш учун ГЭС 75 миллион 400 минг евро маблағ эвазига модернизация қилиниб, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Сўнгги синов ишлари олиб борилаётган шу кунларда гидроэлектр станцияси 64 мВт электр энергияси ишлаб чиқариб, тармоққа узатмоқда. Бу энергия воҳадаги 36 мингдан ортиқ хонадонни экологик тоза электр энергияси билан таъминлаяпти.

Таъкидланишича, синов ишлари тўлиқ якунлангач, гидроэлектр станция тўла қувват билан ишга туширилиб, 175 мВт электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди. Истеъмолчиларга йилига 467 миллион кВт соат электр энергияси узатиб, 126,2 миллион куб метр табиий газни тежайди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ГЭС фаолияти учун ҳар бирининг қуввати 72,5 МВт бўлган 2 та гидроагрегатлар ўрнатилиши, модернизациядан сўнг ГЭСнинг умумий қуввати 175 МВтга етказилиши ва ишлар Россиянинг «Силовие машини» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши айтилганди.

2019 йилнинг апрель ойида Шавкат Мирзиёев Тўпаланг гидроэлектростанциясини бориб кўрган. Давлат раҳбари янги тўғон ва гидроэлектр станцияни кўздан кечириб, буни «тарихий воқеа» деб атаган ва келгусида Сурхондарё гидро энергия ҳисобидан бемалол иқтисодиётини таъминласа бўлишини таъкидлаган.