АҚШ Европа Иттифоқи мамлакатлари билан биргаликда украиналик учувчиларни тўртинчи авлод қирувчилари, жумладан, Американинг F-16 самолётларида ўқитишни бошлайди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден Япониянинг Хиросима шаҳрида (19−21 май кунлари бўлиб ўтган) G7 саммитидаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Бир неча ой давомида иттифоқчилардан Украина Ҳарбий-ҳаво кучларини қўллаб-қувватлаш учун қирувчи самолётларни сўраб келган Владимир Зеленский АҚШнинг қарорини тарихий деб атади. «Бу ҳаводаги армиямизни сезиларли даражада кучайтиради», — деб ёзди у Twitter`да.

Байденнинг айтишича, у F-16 самолётлари Украинанинг режалаштирилган қарши ҳужумида иштирок этишини кутгани йўқ.

«Мен F-16 самолётларининг ҳозирги шароитда иштирок этишини кутмаяпман. Тасаввур қилинг, ҳужум эртага бошланади. Ёки 1 ҳафта, 2, 5, 7, 10. Аммо улар Украина қисқа муддатда муваффақиятга эришса, фаоллашади», — дейди Байден.

Унинг қўшимча қилишича, Зеленский унга Россиядаги нишонларга зарба бериш учун қирувчи самолётлардан фойдаланмасликка ваъда берган.

CNN нашрининг аниқлик киритишича, машғулотлар катта эҳтимол билан тўлиқ Европада бўлиб ўтади ва «яқин ҳафталарда» бошланади.

Оқ уй қарори иттифоқчиларга ушбу самолётларни Украинага жўнатиш имконини беради, чунки давлатлар фақат АҚШ рухсати билан Америка ҳарбий техникасини қайта сотиши мумкин, деб ёзади BBC. Қўшма Штатлар машғулотлар узоқ давом этишини билдириб, шунингдек, Россия томонидан можаро кучайишидан хавфсираб, F-16`ни Киевга топширишдан бир неча бор бош тортган.

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак АҚШнинг украиналик учувчиларни ўқитиш ҳақидаги эълонини олқишлади ва Лондон «АҚШ, Нидерландия, Бельгия ва Дания билан Украинани зарур бўлган жанговар самолётлар билан таъминлашда ҳамкорлик қилишини» маълум қилди.

Аввалроқ Европа Кенгаши саммитида Буюк Британия ва Нидерландия Украина учун қирувчи самолётлар сотиб олиш бўйича коалиция тузишга келишиб олганди.

Украинанинг ҳозирги ҳаво флоти асосан Совет давридаги МиГ-29 ва Су-27 қирувчи самолётларидан иборат. Улардан фарқли ўлароқ, F-16 узоқ масофалардаги душман нишонларига ўқ узиши, шунингдек, аниқ бомбаларни учириши мумкин.

Yahoo News`нинг АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларидан олинган маълумотларига кўра, украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатиш бор-йўғи тўрт ой давом этади, бу эса АҚШ илгари эълон қилган муддатдан анча қисқароқ.