Ўзбекистон ИИВ Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан одам савдосида гумон қилинган аёл Куала-Лумпурдан (Малайзия) Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда бюро матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аёл одам савдоси бўйича халқаро қидирувда бўлган ва кўп йиллар Малайзияда яшириниб юрган. У фирибгарлик йўли билан хорижда яхши маошли ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, қизларни Малайзияга олиб боргани, ўз шериклари билан жабрланганларнинг паспортларини мажбурлаб олгани, фоҳишалик қилишга мажбурлагани айтилмоқда.

«Гумонланувчи Интерполнинг Тошкент ва Куала-Лумпурдаги Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорликдаги тадбирлар ҳамда тезкор-ахборот кўмаги, шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси дипломатик миссиясининг бевосита ёрдами натижасида қўлга олинди. Келишилган ҳаракатлар туфайли қидирувдаги аёлни қўлга олиш ва Малайзия расмлари жиноятчини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилмагунча уни ҳибсда сақлаш мумкин бўлди», — дейилади хабарда.