Ўзбекистонда биринчи Wildberries саралаш маркази иш бошлади. Бу ҳақда Spot хабар қилди.

Эндиликда ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини маркетплейс (онлайн дўкон)да сотишлари мумкин. Бунда сотувчилар буюртмаларни онлайн қабул қилади, кейин уларни саралаш марказига етказиб беради, у ердан товарлар харидорларга юборилади.

Тошкент вилоятида жойлашган логистика маркази 1122 квадрат метр майдонни эгаллайди. Шунингдек, марказ хориждан келган буюртмаларни ҳам саралайди ва буюртмалар тарқатиш пунктларига етказади. Компаниянинг Ўзбекистонда жами 57 та шундай пунктлари мавжуд.

«Янги Wildberries марказининг очилиши ўзбек бизнеси вакилларига онлайн сегментга кириш, ўз логистика харажатларини камайтириш ва маркетплейсда ўз маҳсулотлари турларини кенгайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.

Wildberries аллақачон Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги кунга қадар платформада 196 нафар маҳаллий савдогар рўйхатдан ўтган. 2023 йил апрель ойида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 79 фоизга ошди.

Аввалроқ лойиҳанинг умумий қиймати 130 миллион долларни ташкил этиши ва лойиҳа ишга тушиши билан 5000 та янги иш ўрни яратилиши маълум қилинганди.

Маълумот учун, Wildberries компанияси 2004 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда универсал форматдаги энг йирик онлайн гипермаркетдир. Маркетплейс орқали кийим-кечак, пойабзал, электроника, болалар ва уй-рўзғор буюмларининг жаҳонда энг машҳур брендлари маҳсулотлари сотилади. Компания Ўзбекистон бозорига 2022 йил бошида кириб келган.