Тошкент ҳарбий округининг «Ангрен» дала ўқув майдонида Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли кучлари махсус бўлинмаларининг ҳамкорлигидаги «Қалқон-2023» махсус-тактик ўқувларининг асосий фазаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур жараённи ҳар икки мамлакат мудофаа вазирлари кузатдиб борди.

«Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик, кескинлик ва қуролли тўқнашувлар ўзаро мулоқотларда ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлаётгани ва уларнинг минтақамиз яқинида юз бераётгани ўзаро ҳарбий соҳадаги ҳамкорлигимизни янада кучайтиришга ундамоқда», — дейилади хабарда.

Ўқув режасига мувофиқ ҳарбий хизматчилар чегара қўшинларининг тезкор куч ва воситалари билан ҳамкорликда шартли душманни яксон этиш бўйича ҳаракатлари бошланди. Дастлаб махсус бўлинмалар учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб бориб, душман йўналишини аниқлади.

Шундан сўнг, шартли душман жойлашган ҳудуд миномётлар ёрдамида ўққа тутилди. Махсус бўлинмалар замонавий қуролли можаролар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда янги тактик усулдан фойдаланишди. Бунда белгиланган вазифани бажариш чоғида оловли қўллаб-қувватлов гуруҳига енгил зирҳланган автомобиллар, жанговар вертолётлар ҳамроҳлик қилди ва шартли душман батамом йўқ қилинди.

«Ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатлар тажрибаси бугунги кунда артиллерия ҳисобларининг мустақил ҳаракати муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатиб берди», — дейилади вазирлик хабарида.