Халқаро молия корпорацияси (IFC) Ўзбекистон ҳукуматига Тошкентдаги электр энергиясини тақсимлаш инфратузилмасини модернизация қилиш учун хусусий инвесторларни жалб қилишда ёрдам беради, дея хабар берди ташкилот матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Транзакция бўйича етакчи маслаҳатчи сифатида IFC ҳукуматга мамлакатда илк бор электр энергиясини тақсимлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйишга ёрдам беради. Ушбу ҳамкорликдан мақсад Тошкентнинг эскирган тарқатиш тизимини тиклаш, модернизация қилиш ва ишга туширишдан иборат.

Лойиҳа зарур тажриба ва имкониятларга эга инвесторни аниқлаш учун шаффоф ва рақобат муҳитли халқаро тендерни ташкил этиш ҳамда тайёрлашни ўз ичига олади.

«Лойиҳа тақсимлаш тизимимиз олдида турган муаммоларни ҳал қилиш, жумладан, электр энергиясининг юқори йўқотишлари ва электр таъминотидаги узилишларни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга», — деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Сарвар Ҳамидов.

Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия бўйича мақсадларга эришишда сезиларли муваффақиятларга эришганига қарамай, тақсимлаш секторига инвестициялар жалб қилишда ортда қолмоқда ва қайта тикланадиган энергияга йўналтирилган тармоқларни қуриш учун катта маблағ талаб этилади, дея таъкидлади IFC.

«Минтақадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлардан бири бўлган Ўзбекистон барқарор инфратузилма ечимларига муҳтож. Бунинг учун хусусий секторнинг капитали ва билими жуда муҳим, — деди IFC`нинг Туркия ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлёмер. — Ушбу лойиҳа IFC`нинг мамлакатда барқарор ва трансформацион инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш учун кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини акс эттиради».