Тошкентдаги 348-мактабнинг 6-синф ўқувчисини мактаб биносида илон тишлаб олди. Воқеа 10 май куни тушдан кейин содир бўлган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда маълумотлар пайдо бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу маълумотни тасдиқлаб, ўқувчини иккинчи қаватдаги дераза ромидаги бўшлиқдан чиқиб кетган сув илони тишлаб олганини маълум қилди. Ўқувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг у ота-онаси ва синф раҳбари ҳамроҳлигида шифохонага етказилган. У ерда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтган. «Ўқувчи Ў. А. тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилиб, жиддий жароҳат етказилмагани аниқланиб, шу куннинг ўзида ўқувчи мактабга дарс жараёнларида қатнашган», дейилади хабарда.

Бошқарманинг қайд этишича, 1978 йилда қурилган мактаб авваллари Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманига қарашли бўлган. Мактаб Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманининг экинзор дала ҳудуди билан чегарадош қисмида жойлашган бўлиб, мактаб ҳудудининг чегарадош қисмида катта оқава сув канали ўтган.

Шунингдек, хабарда айтилишича, мактаб 2008 йилдан бери таъмирланмаган, март-апрель ойларида ташаббусли бюджет лойиҳасига кўра, мактаб томини капитал таъмирлаш учун маблағ олинган. Бино 2024 йилда капитал таъмирланиши режалаштирилган.