Сурхондарё вилоятида илк бор тез ёрдам чақирувига электроскутерларни юбориш тартиби синов тариқасида йўлга қўйилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълумотга кўра, Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиалига бир кунда ўртача 3000 дан зиёд чақириқ келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарияти 17:00 дан тунги 01:00 га қадар бўлган вақт оралиғига тўри келади.

«Бундай тиғиз пайтда беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис вилоят „тез ёрдам“ хизматида бу масалага инновацион ечим сифатида электроскутерлардан фойдаланиш йўлга қўйилди», — дейилади хабарда.

Электроскутерлар замонавий «103» автомашиналари каби қулайликларга эга бўлмаса-да, тирбандликлар ва ҳаракатланиш қийин бўлган жойларда осон юра олиши таъкидланди.

Скутерларда махсус чeмoдaн бўлиб, унда энг асосий аппаратлар, бир марталик тиббий буюмлар, биринчи ёрдам учун дори воситалари мавжуд.

тез ёрдам, сурхондарё вилояти, скутерлар

Скутерлардаги тез ёрдам фельдшери қўшимча жароҳатлар ёки ҳаёт учун хавф туғдирувчи ҳолатларда Call-марказ билан алоқага чиқади ва уларга бемор ҳолати ҳақида маълумот беради, шундан сўнг врачлик бригадаси юборилиши мумкин. Бригада етиб келгунга қадар фельдшерлар беморга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатади. Аҳволи оғир бўлмаган беморларга эса фельдшернинг ўзи керакли ёрдам ва тавсияларни бериб қайтади.