Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш учун ACWA Power Wind Karatau компаниясига 19,3 млн доллар кредит ажратади.

Лойиҳа Германиянинг Deutsche Investitions- und Entwicklungsgesellschaft (DEG) ривожланишни молиявий қўллаб-қувватлаш ташкилоти ҳамда Франциянинг Proparco тараққиёт агентлиги томонидан биргаликда молиялаштирилади.

Умумий қуввати 100 МВт бўлган янги генераторлар ҳар йили қайта тикланадиган манбалардан 300 ГВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариши ва атмосферага йилига 178 минг тоннадан ортиқ СО2 эмиссиясининг олдини олиши кутилмоқда.

«Биз узоқ йиллик мижозимиз ACWA Power компаниясини ва Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасидаги 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қўллаб-қувватлашдан фахрланамиз. Оролбўйи минтақаси шамол ва қуёш ресурсларидан фойдаланиш ҳисобига ўз иқтисодиётини тикламоқда», — деди ЕТТБ Барқарор инфратузилма гуруҳи бошқарувчи директори Нандита Паршад.

Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистонда умумий қуввати 2700 МВт бўлган қайта тикланадиган энергия қувватларини яратишни молиялаштирди. Шунингдек, мамлакат расмийлари билан умумий қуввати 2000 МВт бўлган шамол электр станцияларини қуриш бўйича тендер дастури устида ишламоқда.

Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси лойиҳаси ушбу дастур доирасидаги биринчи лойиҳадир. Ҳисоботда қайд этилишича, савдолар ёпилиш вақтидаги нарх Марказий Осиё учун рекорд даражада паст бўлди, бу хусусий шамол энергетикасининг тижорат самарадорлигини исботлади ва Ўзбекистонни қайта тикланадиган энергия салоҳиятини рўёбга чиқаришга яқинлаштирди.

Лойиҳа, шунингдек, хотин-қизларнинг мамлакатда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантиришдаги иштирокини қўллаб-қувватлайди. ACWA Power маҳаллий техник университетлар билан ҳамкорликда гендерга мос сертификатланган янги амалиёт дастурини жорий этиш орқали Ўзбекистондаги ёш аёллар учун бозор талаб қиладиган кўникмалар ва иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради.

ACWA Power Wind Karatau Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва Саудия Арабистонининг ACWA Power компаниясига тегишли.