Адлия вазирлиги жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилган 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, мактабгача таълим қамрови даражасини ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.

2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024/2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш режа қилинмоқда.

Бунинг учун мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш мақсад қилинган.

2022−2026 йилларда 160 мингдан зиёд педагог кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда мактабгача таълим-тарбия жараёнларини илмий асосланган ёндашувлар асосида такомиллаштириш режада бор.

Бундан ташқари, мактабгача таълим тизимида молиявий қонунбузарликлар ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ягона ахборот тизимини яратиш кўзланмоқда.

Ушбу ўзгаришларни назарда тутувчи президент фармони лойиҳасига 14 январга қадар таклифларни юбориш мумкин.