Тошкент шаҳри Олмазор туманида одам ўғирлаш, босқинчилик ва яна бир қатор жиноятларни содир этишда айбли деб топилган 4 нафар судланувчига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Milliy TV телеканалининг Millar кўрсатувида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, бундан бир неча ой аввал 4 нафар шахсдан бири ЙПХ ходими формасида фуқарони тўхтатган, шундан сўнг кўзини скотчлаб, ўғирлаб кетган ва қўрқитиш йўли билан 7 минг доллар пулини олиб қўйган. Улар яна катта миқдорда пул талаб қилиб, агар бермаса, фуқаронинг бармоқларини кесиб, оила аъзоларини ўлдириш билан қўрқитган, тўппонча ва электрошокер билан таҳдид қилган.

Жабрланувчининг кўрсатмасига кўра, у ўзи олиб кетилаётган машинадан тушиб қолиб, одамларни ёрдамга чақирган.

Ходимлар гумонланувчиларнинг барчасини қўлга олган, ҳолат эса жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида кўриб чиқилган.

Суд уларга қуйидагича ҳукм ўқиди:

1980 йилда туғилган cудланувчи Жиноят кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 2-қисми «б, в» бандлари, 28,164-моддаси (Босқинчиликда ташкилотчи) 2-қисмининг «а, б, в» бандлари, 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисмининг «а» банди, 28,267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочишда ташкилотчи) 2-қисмининг «б, в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди ва 15 йил озодликдан маҳрум қилинди.

Қолган 3 нафар судланувчи одам ўғирлаш, босқинчилик, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. 1997 йилда туғилган cудланувчига 13 йил 6 ой, 1981 йилда туғилган судланувчига 13 йил 9 ой, 1994 йилда туғилган cудланувчига эса 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувилардан солидар тартибда жабрланувчи фойдасига 437 139 548 сўм ундирилиши белгиланди.