Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилишини тасдиқловчи «яшил энергия» сертификатлари тизимини босқичма-босқич жорий этилади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 12 майдаги қарорида кўзда тутилган.

1 июлдан «Ўзбекгидроэнерго» тизимидаги ГЭСларда, 1 октябрдан эса қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ҳамда бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун сертификатлар жорий этилади.

Амалга оширилган тартиб-қоидага кўра, бир дона «яшил энергия» сертификати қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда 1 000 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — «яшил энергия» сертификатлари тизимини юритиш, хусусан генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш, «яшил энергия» сертификатларини чиқариш, генерация объектларига бериш ва уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш бўйича масъул орган ҳисобланади.

«Яшил энергия» сертификатлари фуқаролик ҳуқуқлари объектлари жумласига киради, эркин муомалада бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда ёки усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказилиши мумкин.

Генерация объектларини рўйхатдан ўтказиш, ноёб идентификация рақамига эга бўлган «яшил энергия» сертификатларини чиқариш, уларнинг ҳаракати ҳисобини юритиш «Яшил энергия» сертификатлари ягона электрон платформаси орқали халқаро стандартлар талаблари асосида амалга оширилади.

«Яшил энергия» сертификатларини чиқариш, бериш, ҳисобдан чиқариш ва уларнинг айланмаси билан боғлиқ муносабатларга қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик татбиқ этилмайди.

Генерация объектларининг «яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлари фойда солиғидан озод этилади. «Яшил энергия» сертификатларини харид қилишга доир харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киради.

1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга ваколатли орган томонидан белгиланадиган, энергия сарфи ҳажмидаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган энергия улушини ошириш бўйича талабларни бажаришда етишмаган энергия улушини тегишли миқдордаги «яшил энергия» сертификатлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқи берилади.

Фармонда Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига «Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича молия вазирлари коалицияси»га аъзо бўлиш бўйича музокаралар олиб борилиши ҳамда белгиланган тартибда коалицияга аъзо бўлиш тўғрисидаги шартномани тузиш бўйича таклиф киритиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларини сертификатлаштириш бўйича халқаро ташкилот (I-REC) билан келишувга эришиш ҳамда тизимни тартибга солувчи масъул орган (эмитент) сифатида ушбу ташкилотда аккредитациядан ўтиш топширилди.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан биргаликда биржа савдоларида «яшил энергия» сертификатларини сотишга мўлжалланган алоҳида «яшил энергия секциясини» ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва «яшил» ўсиш тамойилларини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларида иссиқхона газлари ташланмаларини қисқартириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида халқаро донор ташкилотларнинг техник кўмагини жалб қилган ҳолда вазирлик тизимда давлат муассасаси шаклида «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офисини ташкил этилади.