Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Самарқандда бўлиб ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик форумида нутқ сўзлади.

«Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг бу йилги йиғилиши қадимий ва бетакрор Самарқандда ўтказилаётганини биз мамлакатимизга, ислоҳотларимизга юксак ишонч ва эътибор ифодаси сифатида қабул қиламиз», — дея сўз бошлади у.

Давлат раҳбари дунёнинг барча минтақаларидан 2500 дан ортиқ меҳмонлар иштирок этаётган бугунги анжуман ана шу эзгу анъаналарни янги босқичда давом эттириб, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик кўпригини мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

«Тобора кучайиб бораётган ҳозирги геосиёсий зиддиятлар даврида бундай очиқ ва яқин мулоқотлар, дўстона алоқаларни янада кенгайтириш барча мамлакатлар учун албатта ниҳоятда зарур. Шу маънода, бугунги нуфузли анжуманнинг асосий мавзуси „Барқарорлик учун инвестиция“, деб белгилангани катта аҳамиятга эгадир», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Барчангиз кўриб турибсиз, глобал иқтисодий муаммолар тобора авж олмоқда. Иқлим ўзгариши ва экологик хатарлар кучаймоқда, табиий ресурслар эса камайиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда бугунги ва келгуси авлодлар муносиб ҳаёт кечириши учун янги технология ва лойиҳаларга кўпроқ инвестициялар киритиш талаб этилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, шу нуқтаи назардан ушбу муҳим анжуман давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларни янги босқичга олиб чиқади, иқтисодиётлар ривожи учун сармояларни янада кўпайтиради, барча аъзо мамлакатлар тараққиётига беқиёс ҳисса қўшади.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бундай форматдаги йиғилиши роппа-роса 20 йил олдин бўлиб ўтганини ёдга олди.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев меҳмонлар диққатини ушбу сўзларга қаратди: «Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас».

«Олти йил муқаддам бошлаган қатъий ислоҳотларимиз натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бугун сиз, азизларни мутлақо янги муҳитда — дунёга кенг очилаётган, барча соҳаларда ҳамкорлик учун тайёр бўлган Янги Ўзбекистонда қабул қилаётганимиздан ғоят мамнунмиз», — деди у.

Президент сўнгги йилларда мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва жаҳон бозорларига дадил кириб бориш бўйича салмоқли ютуқларга эришилгани, жумладан, инсон ҳуқуқларини амалда энг олий қадрият даражасида таъминлаш мақсадида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини қайд этиб ўтди.

«Мамлакатимизда илк бор камбағаллик мавжудлигини тан олдик ва уни қисқартириш учун самарали тизим яратдик. Бу тизим билан давлат кўмагига муҳтож оилалар тўлиқ қамраб олинди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Яқинда умумхалқ референдумида қабул қилинган янгиланган Конституциямизда ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги ва бардавом бўлиши қатъий кафолатланди», — дея қайд этди давлат раҳбари.

Президент Ўзбекистон танлаган, узоқ муддатга мўлжалланган очиқлик ва барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан, янада дадил олдинга боришини таъкидлади. «Мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторларга янада қулай шароитлар яратишни яхлит тизим асосида амалга оширамиз», — деди у.

«Бу борада Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши чет эллик сармоядорлар билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиб, ўзаро манф́аатли лойиҳалар ва узоқ муддатли стратегияларни биргаликда ишлаб чиқишда ҳал қилувчи бўғин бўлади. Ҳеч шубҳасиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан бирга ташкил этилган ушбу мулоқот платформаси биз учун янги тажрибалар орттиришга хизмат қилади ва қўшимча имкониятлар яратади, ислоҳотлар жараёнида замонавий ёндашувларни жорий этишга кўмаклашади», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, йил якунигача халқаро экспертлар билан ҳамкорликда тарихда илк бор Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилиши эслатиб ўтилди.

«Биз товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат бозорларини янада эркинлаштириш сиёсатини жадал давом эттирамиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Жумладан, дунёдаги ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун катта қадамлар ташладик. Ушбу йўналишда бу йил салмоқли натижаларга эришамиз, деб ишонаман».

Президент ортиқча бюрократияни қисқартириш ва коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш бундан буён ҳам давлат ва жамиятнинг диққат марказида бўлишига ваъда берди.

«Бу борада бошланган маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириб, инсон ва бизнесга кўмаклашадиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимини жорий этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бир фикрни очиқ айтишимиз керак, — дея мурожаат қилди президент ЕТТБ раҳбариятига, — ислоҳотларимизни амалга ошириш ва ҳозирги натижаларга эришишда халқаро ҳамкорларимизнинг кўмаги биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бугун қатъий ишонч билан айта оламан — Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш йўлида Европа тикланиш ва тараққиёт банки бизнинг стратегик ҳамкоримизга айланди. Айниқса, банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели 4 млрд евродан ошгани, шундан 3,3 млрд евролик лойиҳалар сўнгги тўрт йилда бошлангани бу фикрни яққол тасдиқлайди».

Президент ўтган йил якуни билан Ўзбекистон банкнинг бешта энг асосий ҳамкорлари қаторига киргани, йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса, унинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригига айланганини қайд этиб ўтди.

«Энг муҳими, банк билан хусусий секторни ривожлантириш борасидаги ёндашув ва мақсадларимиз ҳам уйғун ва ҳамоҳангдир. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда банк лойиҳаларида хусусий бизнеснинг улуши 55 фоизга етгани ҳам шундан далолат беради. Айниқса, бугунги кунда ўта долзарб бўлган „яшил энергия“, ичимлик суви, йўл-транспорт инфратузилмаси, экология каби соҳаларда ҳамкорлигимиз жадал ривожланмоқда. Хусусан, қайта тикланадиган энергия соҳасида банкнинг 600 миллион евро маблағлари иштирокида йирик лойиҳаларни бошладик. Бундай фаол ҳамкорлигимиз иқтисодиётимизга бошқа хорижий инвесторларни жалб этишда ҳам „катализатор“ бўлиб хизмат қилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон президенти мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашда фақат ва фақат хусусий сектор́га таянишини таъкидлади. «Шу боис, келгуси тараққиётимиз хусусийлаштириш жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ эканини яхши тушунамиз. Бу борада корхоналардаги давлат улушларини сотиш, стратегик компаниялар ва йирик банкларнинг акцияларини очиқ савдога чиқариш бўйича йил бошида катта марраларни олдик. Хусусан, илк бор иқтисодиётимиз учун стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона «IPО»га олиб чиқ́илади», — деди у.

У, шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича катта марралар қўйилганини эсга олди. «Уларга эришиш учун тадбиркорларга янги-янги имконият ва шароитлар яратамиз. Шу мақсадда кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича банк билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз», — деди президент.

Ўзбекистон инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтиришдан манфаатдор. «Бу борада банк билан мамлакатимизда илк бор Наманганда ичимлик суви тармоғини бошқариш, Тошкент — Самарқанд замонавий магистрал автомобиль йўлини қуриш лойиҳаларини бошлаяпмиз», — деди президент.

Давлат раҳбари салоҳияти юқори бўлган туризм соҳасида ҳам давлат-хусусий шериклик кенгайтирилишини қайд этди.

Ўзбекистон «яшил иқтисодиёт», айниқса, «яшил энергия» соҳаларини жадал ривожлантиришдан ҳам манфаатдор.

«Биз 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 40 фоизга етказишни режа қилганмиз. Бу борада Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шу йилнинг ўзида умумий қуввати 1,2 гигаВатт бўлган 3 та йирик қуёш станцияси барпо этилади», — дея ёдга олди президент.

У Самарқанд яқинда банкнинг «яшил шаҳарлар» дастурига киритилганини қайд этди. «Нукус, Андижон, Бухоро ва Наманган каби шаҳарларимизни ҳам ушбу дастурга киритишда банкнинг кўмагига таянамиз», — деди у.

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.

«Бу борада банк билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича амалга ошираётган дастурларимиз алоҳида эътиборга сазовордир. Бундай лойиҳаларни кескин ошириш бўйича банк билан ҳамкорлигимизни янада кенгайтирамиз», — деди у.

Президент, шунингдек, Ўзбекистоннинг банк билан бирга илғор агротехнологиялар, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича яна кўплаб янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

«Глобал озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бундай лойиҳалар банк учун ҳам, инвесторлар учун ҳам жуда фойдали бўлади, деб ҳисоблайман», — деб ҳисоблайман деди у.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб, ЕТТБ ва бошқа ҳамкорларни саноат, энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларидаги минтақавий лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф қилди.