Air Cairo авиакомпаниясининг Шарм аш-Шайх-Тошкент йўналиши бўйича SM771 рейси Миср аэропортида 10 соатдан ортиқ кечиктирилди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Бунга Шарм аш-Шайхдаги ноқулай об-ҳаво шароити, шунингдек, экипаж иш вақти тугагани сабаб бўлган.

200 дан ортиқ йўловчи Ўзбекистон пойтахтига жўнаб кетишни кутмоқда. Шарм аш-Шайхдан Тошкентга учадиган самолёт Тошкент вақти билан соат 15:00 да учиши режалаштирилган. Тошкентга етиб келиш 19:30 га белгиланган.

Узоқ кечикиш муносабати билан SM772 (Тошкент-Шарм аш-Шайх) рейсининг парвозлар жадвали ўзгартирилди. Тошкентдан жўнаб кетиш 17 май куни соат 20:30, Шарм аш-Шайхга етиб келиш 18 май, Тошкент вақти билан соат 01:55 га белгиланган.

Қайд этилишича, Тошкент халқаро аэропортидан учаётган йўловчиларга рейснинг кечиктирилгани ҳақида хабар берилган ва уларга ўз уйларига қайтиш ёки терминалда парвозни кутиш таклиф қилинган.

«Парвоз жадвалини ўзгартириш тўғрисидаги батафсил маълумотлар авиаташувчидан олиниши мумкин», — дейилади хабарда.