Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, Бирлик маҳалласида яшовчи бир оиладан тўрт нафар фуқаро овқатдан заҳарланиб вафот этгани тахмин қилинмоқда. Яна уч оила аъзоси касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 17 февраль куни соат 14:30 атрофида туман ИИБга фуқаролар З.A. (аёл, 1961 йилда туғилган), эр-хотин С.Х.(аёл, 1982 йил) ва M.X. (эркак, 1978 й.), ўғиллари Р. Х. (2002), Р. Х. (2004), Т. Х. (2011) ва қизи А. Х. (2021) «номаълум этиологик заҳарланиш» ташхиси билан касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабар келиб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари А.Камилов, туман прокурори Д.Файзиев, туман прокуратураси терговчиси Ш. Дехконбоев, туман ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Б.Амирқулов ва туман ИИБ тергов-тезкор гуруҳи аъзолари, Оққўрғон туман ФВБ, «Оққўрғон туман газ» таъминоти бўлими ва туман СЭО ва ЖСБ ходимлари чиқишган.

Воқеа жойини кўздан кечириш давомида экспертиза текшируви учун «қовурилган балиқ» ва «мош кичира» овқати қолдиқлари, «помидор-бодринг» тузламалари, олчадан тайёрланган «компот» қолдиқлари, хонадонда тайёрланган «холодец» қолдиқлари, 10 литр хажмдаги баклашкадаги сув ҳамда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинди.

Оиланинг 3 нафар аъзоси — З.А ва эр-хотин С.X. ва M.X. воқеа жойида вафот этган. Уларнинг ўғли Р. X. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасида фуқароларнинг ўлими бўйича суд тиббий ташҳис «Ис газидан ўткир заҳарланиш… Номаълум этиологияли овқатдан заҳарланиш» эканлиги қайд этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.