12 май куни президент Шавкат Мирзиёев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш, хусусан, Миллий гвардия ходимларининг ваколатларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Эндиликда Миллий гвардия ходимлари ва ҳарбий хизматчилари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари юзасидан ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва жарима солиши (суд кўрмасдан) мумкин:

  • 187-модданинг 1-қисми (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш);
  • 188-модда (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш);
  • 188−2-модда (Вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш);
  • 192-модда (Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш).

Шунингдек, Миллий гвардияга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 19-моддаси, жумладан, майда безорилик, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва судга кўриб чиқиш учун юбориш ваколатлари берилди. Бу ҳақда аввалроқ «Газета.uz» батафсил тўхталиб ўтганди.