Ўзбекистонда Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик қилган, совуқ қуролни ёки шунга ўхшаш ашёларни олиб юрганларга баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар берилмоқда.

Сенаторлар «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунни кўриб чиқиб, уни маъқуллади.

«Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларига юқорида кўрсатиб ўтилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш (баённома тузиш) ваколати берилмагани сабабли юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга ҳал этиш учун юборилган. Бу, ўз навбатида, ортиқча ҳужжат айланиши ва, энг асосийси, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келган», — дея сўз борган мажлисда.

Шу вақтгача уларнинг зиммасига ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, давлат объектлари, жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкини қўриқлаш, жамоат тартибини сақлаш, жамоат жойларида патруллик қилиш каби вазифалар юклатилган.

Миллий гвардия органлари томонидан жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар натижасида ноқонуний сақланган 44 та пневматик ва ов қуроли, 3202 дона ўқ-дори олиб қўйилган.

Келтирилишича, янги ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.

Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда, уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.

Миллий гвардия органлари ҳодимлари айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга юқорида келтирилган ўзгартишлар киритилиши муносабати билан жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар бўйича Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилмоқда.