Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси Ғиждувон туманининг чўл ҳудудида аёлни бир неча эркаклар жинсий алоқа қилишга мажбурлагани акс этган видео юзасидан маълумот берди.

ИИБнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат 30 март куни соат тахминан 13:00 да Ғиждувон туманида содир бўлган. 1994 йилда туғилган Д.Б. таниши — 1991 йилда туғилган С.Г. исмли аёлни тумандаги Жилвон чўл ҳудудига олиб бориб, унинг эркига зид равишда жинсий алоқа қилган.

«У ўзи билан бирга борган шериги томонидан ҳолатни видео тасвирга олиб, ушбу видео орқали уни ўзига қарам қилиб, ёнида бўлган бошқа 3 нафар таниши билан ҳам жинсий алоқада бўлишга мажбур қилган», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 121-моддаси 2-қисми (Оғир оқибатларга олиб келган ҳолда шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Иш юзасидан гумон қилинувчи 3 нафар шахс Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

ЖКнинг юқорида кўрсатилган моддаси бўйича айбор деб топилган шахс 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.