Тошкентда ўтаётган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчиларнинг 7 нафари финал баҳсигача етиб келди. Бу ҳақда бокс федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда. Якуний босқич 13−14 май кунлари бўлиб ўтади.

12 май куни ўтган ярим финал баҳсларида -54 кг вазн тоифасида Ойбек Жўраев россиялик Дмитрий Двалига қарши жанг қилди ва 5:2 ҳисобида ғалабага эришди. У 14 май кунги финал баҳсида қозоғистонлик Махмуд Сабирхонга қарши рингга чиқади.

бокс2023

Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам (-67 кг) мўғулистонлик Мишеелт Баттумурни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди. Унинг якундаги рақиби — қозоғистонлик Дулат Бекбауов. Финал жангги 13 май куни бўлиб ўтади.

бокс2023

Яна бир ўзбекистонлик боксчи Аълохон Абдуллаевга (-75 кг) эса олтин медаль учун курашиш насиб этмади. 19 ёшли Аълохон бразилиялик Вандерлей Перейрага (22 ёш) қарши баҳсда 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди.

бокс2023

Шунингдек, -92 кг вазн тоифасидаги боксчи Лазизбек Мулложоновнинг ҳам россиялик Муслим Гажимагомедовга қарши жангги муваффаққиятсиз якунланди. Россиялик тажрибали боксчи уни 1:4 ҳисобида мағлуб этди.

Умумий ҳисобда Ўзбекистон терма жамоасининг 2 нафар боксчиси энди бронза медали билан кифояланади.

-51 кг вазнлилар ўртасидаги жангда Ҳасанбой Дўсматов испаниялик Мартин Молинага ҳеч қандай имконият қолдирмади. Олимпия чемпиони энди жаҳон чемпионатининг олтин медалига эгалик қилиш учун 13 май куни финалда франциялик Биллал Беннамага қарши жанг қилади.

Ярим финалгача етиб келган яна бир боксчи Абдумалик Халoков (-57 кг) қирғизистонлик Мунарбек Сеитбек Уулуни енгиб, финал йўлланмасига эга чиқди. 14 май куни 200 минг АҚШ доллари мукофоти учун кечадиган финал баҳсида унга кубалик Саидел Ҳорта рақиб бўлади.

Руслан Абдуллаев (-63,5 кг) турнирнинг ярим финалида арманистонлик тажрибали Хованец Бачковга қарши жанг ўтказди ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришди. Руслан жанг мобайнида рақибини нокдаун ҳолатига ҳам туширишга улгурди. 14 май куни финалда унинг рақиби мўғулистонлик Чинзориг Баатарсух бўлади.

-71 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Саиджамшид Жафаров бразилиялик рақиби Вандерсон Де-Оливейрани 4:1 ҳисобида мағлуб этди. У 14 май куни финалда қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов билан жанг қилади. Маълумот учун, Шимбергенов 2021 йил Сербияда ўтган жаҳон чемпионатида айнан -71 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсовни 1/16 финалда мағлуб этганди.

Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони супер оғир вазн тоифасида жанг қилувчи Баҳодир Жалолов турнирнинг финалига жангсиз чиқди. Сабаби унинг ярим финалдаги рақиби испаниялик Аюб Гадфа Дрисси жароҳати сабаб рингга чиқмади. 13 май куни ўтадиган финал баҳсида эса Жалолов кубалик Фернандо Алехандро Арзола Лопесга қарши жанг қилади.

бокс2023

Шунингдек, Халқаро бокс ассоциацияси илк бор ЖЧда чорак финалда ютқазган, 5-ўринни эгаллаган боксчиларга ҳам пул мукофоти топширилишини маълум қилди.