11 май куни президент Шавкат Мирзиёев товарларни етказиб бериш хизматларини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ҳужжат билан мопед, квадрицикл (квадроцикл), трицикл, скутер ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишга мослаштирилган бошқа механик мосламаларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шартлиги тўғрисидаги талаб 2024 йил 1 январга қадар тўхтатиб турилади.

Мазкур ўзгариш қуйидаги транспорт воситалари учун ҳам амал қилади:

  • энг юқори конструктив тезлиги соатига 50 километрдан, иш ҳажми 50 см³ дан ошмайдиган ички ёнув двигателига эга бўлган;
  • номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ ва 4 киловаттдан кам бўлган электр двигателли икки ёки уч ғилдиракли транспорт воситалари.

Бироқ юқоридаги транспорт воситаларида ҳаракатланаётган шахслар мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарур бўлади.

Қайд этилишича, янгилик хизмат кўрсатиш соҳаси, хусусан, умумий овқатланиш ва товарларни етказиб бериш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар фаолияти ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, буюртма асосида товарларни етказиб бериш (юк ташиш бундан мустасно) ўзини ўзи банд қилиш фаолият турига киритилди (илгари шахсий транспортдан фойдаланиб, жисмоний шахсларга товарларни етказиб бериш ўзини ўзи банд қилиш фаолият тури ҳисобланган).