Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов, пойтахт прокурори Эркин Юлдошев, Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Азиз Тошпўлатов ҳамда солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжонов («тўрт сектор» раҳбарлари)нинг ота-оналарга қўшма мурожаати эълон қилинди.

Унда президент бошчилигида Ўзбекистонда ёшларга билим бериш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланади.

«Шу билан бирга, ҳар бир ёшнинг жамиятда ўз ўрнини топишида асосий устун, бевосита унинг ота-онаси ҳисобланади», — дейилади мурожаатда.

«Ҳозирда шиддат билан ривожланаётган ва таҳликали замонда оилада юксак маънавий муҳитни шакллантириш ниҳоятда зарур бўлиб, оиланинг тинч-тотув, фарзандларнинг бахтли бўлишида ота-она ва маҳалланинг ўрни беқиёс.
Шу сабабли фарзандингиз таълими ва тарбиясига ҳар куни ҳеч бўлмаса 10 дақиқа вақт ажратяпсизми, улар билан дилдан суҳбат қуряпсизми?» деган савол ўртага ташланди.

«Фарзандингиз келажакда комил инсон бўлиб етишиши ҳамда оила, жамият ва давлатнинг мустаҳкам устуни бўлиши учун сизнинг ва барчамизнинг эътиборимиз ҳамда ёрдамимиз ўта муҳим. Фарзандингизнинг жамият ва давлат учун зарур бўлган шахс бўлиб етишишига ишонмиз. Бу борада ота-оналик вазифангизни бажаришда биз доимо сиз билан елкадошмиз», — дейилида мурожаатда.

Мурожаат муаллифлари ота-оналар билан боғланишлари мумкин бўлган телефон рақамларини қолдиришган:

  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги Жамоатчилик кенгаши — 71−210−01−29;
  • Тошкент шаҳар прокуратураси — 71−202−07−24 (5514);
  • Тошкент шаҳар ИИББ — 71−233−71−47 (1002)
  • Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси — 78−140−32−03;
  • Ёшлар масалалари агентлиги шаҳар бўлими — 71−207−18−30.

бола тарбияси, тошкент, тўрт сектор