Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни Ўзбекистонда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда 2023 йилда 3,4 миллиард кВт/соат электр энергияси тақчиллиги кутилаётгани, ёзнинг иссиқ кунларида кунлик талаб ҳозирги 195 миллион кВт/соатдан 255 миллион киловатт/соатгача ошиши мумкинлиги айтилди. Андижон вилоятида истеъмол 16 миллион кВт/соатга, Самарқандда 20 миллион, Фарғонада 21 миллион, Тошкент вилоятида 40 миллион, Тошкент шаҳрида 27 миллион кВт/соатга ошиши кутилмоқда.

«Агар муаммоларингиз бўлса, айтинглар. Селекторнинг мақсад-муддаоси муаммони ҳал қилиш», — деди президент.

Унинг қайд этишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Тошкент ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов ва бошқалар энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан биргаликда келгуси юкламалар қайси манбалар ҳисобига қопланишини ҳисоб-китоб қилмаган.

Президентнинг февралдаги қарори билан 3,4 миллиард кВт/соат электр энергияси тақчиллигини ортиғи билан қоплаш ва қўшимча 5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш белгиланган.

Ҳокимлар ва «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» раҳбари Улуғбек Мустафоевга 1 августга қадар 30 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари ва 10 мингта трансформаторни таъмирлаш бўйича топшириқ берилди.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, бунинг учун 4,2 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Бугунги кунга қадар 667 км электр тармоқлари (900 км.дан) ва 175 та трансформатор (230 тадан) янгиланди. Шунингдек, 5 та янги подстанция қуриш режалаштирилган.

Вилоятлар ҳокимларига электр ускуналари ва материаллар захирасини яратиш ҳамда ҳар бир ҳудудга 10 миллиард сўмдан маблағ ажратиш вазифаси топширилди. 1 августга қадар жорий йилда режалаштирилган таъмирлаш ишларини якунлаш бўйича топшириқ берилди. Бунинг учун қўшимча 320 та бригада ташкил этилиб, 10 минг нафар малакали мутахассис жалб этилади.

Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш учун 1 июнга қадар иссиқлик электр станцияларини 6 миллион куб метр қўшимча газ билан таъминлаш, шунингдек, 200 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.

Президент 1 июлгача (муддатдан икки ой олдин) Сирдарё вилоятида ACWA Power компанияси томонидан қурилаётган электр станциясининг биринчи 500 МВт қувватини ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

Давлатимиз раҳбари ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назоратини кучайтириш, электр энергияси ва газнинг ноқонуний истеъмол қилинишига чек қўйиш бўйича ҳам вазифаларни белгилаб берди. Бугунги кунга қадар 250 миллиард сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, етказилган зарар ундирилган, дейилади хабарда.