9 май куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида портлаш содир бўлди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, соат 21:25 да «Янгиобод» МФЙда жойлашган шохобча ҳудудида ёнғин-портлаш содир бўлаётгани тўғрисида ФВ бўлимига хабар тушган.

Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғинни соат 22:30 қуршаб олган ва соат 23:00 да бартараф этган.

Ёнғин оқибатида шохобча ҳудудида бўлган 3 та Isuzu русумли автомашина ва уларда сиғими 50 литрли суюлтирилган углеводород газлари бўлган баллонлар ёниб зарарланган.

Ҳодиса шохобчадаги MAN русумли суюлтирилган газ ташувчи автомашинадан газни заҳира сиғимига бўшатиш жарёнида техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида юзага келгани тахмин қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 1 киши жароҳат олган. Ҳозирда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБнинг маълум қилишича, содир бўлган ёнғин ҳолати юзасидан тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 1-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, судга оид тиббиёт, ёнғин-техника ва судга оид баҳолаш экспертизалари тайинланган.