Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан бир қатор туманларда табиий газ ва электр энергиясига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқлангани тўғрисида маълум қилди.

Хусусан, департаментнинг Нарпай туман бўлими томонидан газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда, Нарпай туманида яшовчи Ш. С. ва «Х.Б.» фермер хўжалиги раҳбари У. Н. яширин оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил этиб, жами 1,7 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Шу каби, Самарқанд туманида «A.X.» фермер хўжалиги, Юқоричирчиқ туманида «Е.О.» МЧЖ, Қибрай туманида «F.Y.» МЧЖ, Тошкент туманида «Sh.O.» фермер хўжалиги ва Янгиариқ туманида фуқаро Ж.Т. табиий газ ва электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 661,4 млн сўмлик табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185−2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.