27 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қатарнинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Ҳасан Ҳамза Ҳошимни қабул қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олар экан, элчини лавозимга киришгани билан табриклади ва унинг масъулиятли фаолиятига муваффақиятлар тилади. Икки давлат муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Қатар кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун салмоқли салоҳиятга эга экани таъкидланди. Томонлар икки томонлама сиёсий мулоқот фаоллашганини қайд этиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни сезиларли даражада ошириш тарафдорлигини билдирди.

«Элчини лавозимга киришиши билан табриклайман ва профессионал фаолиятида муваффақиятлар тилайман. Қатарнинг мамлакатимизда элчихонаси очилишини эса оқишлаймиз. Ишончим комилки, Қатар дипломатик миссиясининг 2023 йилдан бошлаб фаолият юритиши икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади», — деди Владимир Норов.

Шунингдек, парламентлараро мулоқотни кучайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Маълумот ўрнида, шу пайтга қадар Қатарнинг Эрондаги элчиси Ўзбекистонга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчиси Қатар учун масъул бўлиб келган.