Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшанов бошқа бир шахсни коррупцияда айблаб, туҳмат қилишда гумонланиб, ҳибсга олинганди. Унинг турмуш ўртоғи бош прокурорга мурожаат қилганидан сўнг қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у қўйиб юборилди. Бу ҳақда унинг адвокати Абдумалик Абдуллаев Facebook саҳифасида хабар берди.

«Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судининг 2023 йил 4 майдаги ажримига асосан, аёлнинг турмуш ўртоғи, ҳимоямизда бўлган Ҳусан Равшановни қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, 1-сонли тергов ҳибсхонасидан озод этилди», дея келтирилади хабарда.

Ҳусан Равшанов 2023 йил 3 февраль куни ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланиб, 5 февраль куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланганди.

У Facebook`да бегона исм-шариф билан аккаунт очиб, адлия ходимларини коррупцияда айблаш орқали туҳмат қилганликда айбланган.

«Яшнобод тумани суди судьяси жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақида ажрим чиқариш вақтида ЖПК 396-моддасига мувофиқ айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси нотўғри танланган, деган тўхтамга келиб, эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида ажрим чиқарди», дейилади хабарда.

Эслатииб ўтамиз, 3 май куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида бўлган сайёр қабулда бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова билан мурожаатчи аёл жанжаллашганди. Гап шундаки, аёл (Севара Равшанова) ва унинг қайнотаси бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев билан учрашмоқчи бўлган, бироқ унинг ўринбосари қабулга ўтказишни истамаган. Аёлнинг муддаоси Адлия вазирлиги ходими бўлиб ишлаган турмуш ўртоғининг қамоққа олиниши билан боғлиқ эди.

Унинг эри Ҳусан Равшанов Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Абдумуталиб Дадажоновни коррупцияда айблаш орқали туҳмат қилишда гумонланиб, ҳибсга олинганди. Унинг ҳибсда эканидан жамоатчилик апрель ойига келибгина хабар топган.